Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси зарар билан ишлашда давом этмоқда
Совет иттифоқининг қулаши ўрганилган адабиётларда таназзулнинг асосий сабаби ўлароқ чиркин коммунистик мафкуранинг инқирози эмас, иқтисодий омиллар кўрсатилади. Советлар 70- йиллардан бошлаб нефть ва газ нархларига тўлиқ боғланиб қолган, деярли икки ўн йиллик давомида юқори даражада сақланган нефть ва газ нархлари советларнинг гигант лойиҳаларни (БАМ, Олимпиада, қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, Стратегик қуролланиш, Афғонистон) амалга оширишга ундайверган. Қолган барча пул оқимлари истеъмолга йўналтирилаверган. Захиралар шакллантирилмаган. Юқори истеъмол меъёри ва катта инвестицияларга кўниккан иқтисодиёт нефть ва газ нархлари кескин тушиб кетганда коллапсга учраган.
Асосий тушумлари нархлари кескин ўзгарувчан хом-ашёга ёки рангли металларга боғлиқ иқтисодиётлар доимий равишда захиралар яратиб бориш кераклигини айнан Советларнинг қулаши мактаб ўлароқ эслатиб туради.
Норвегиянинг Нефть фонди, Саудиянинг SAMA фонди, Катар Qatar Investment Authority фонди, Россиянинг Миллий фаровонлик фонди кабилар шулар жумласидандир.
Ушбу фондлар хом-ашё нархлари юқорилаганда олинадиган даромадлар билан тўлдириб борилади. Чунки ишониладики, хом-ашё нархларининг ўсиши бу мамлакатнинг иқтисодий ўсиши туфайли юз бермаяпти, бу оқимларни истеъмолга йўналтириб бўлмайди ва уларни тўқлик даврида захирага олиш лозим. Юпунлик даври келганда ишлатиш учун (у эса қачондир барибир келади).
Бизнинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармамиз ҳам шу функцияни бажариш учун ишлайди. Аниқроғи, аввал бошдан шунинг учун ташкил этилган. Кейинги йилларда суверен жамғармамиз бюджетимизнинг, яъни жорий истеъмол ва инвестицияларимизнинг бир қисмига айланиб бўлди. Жамғарма активларида узоқ муддатли инвестициялар ортиб, қисқа инвестициялар ва ликвидлик тобора камайиб бормоқда. Портфель мундарижасининг ўзгариши молиявий натижаларда ҳам акс этмоқда. Масалан, Фонд йил бошидан буён фақат зарар билан ҳисобот чоракларини ёпмоқда. Биринчи чорак 1,6 триллион сўм зарар билан якунланган бўлса, 3- чоракда зарар суммаси 2,4 трлн.сўмга етган. Фоизлар кўринишидаги даромадлар қисқармоқда, йил бошидан буён дивиденд кўринишида даромадлар олинмаган (Фонд деярли барча давлат банкларининг энг йирик акциядори ва энг йирик кредитори, Ўзбекистон ҳаво йўлларидан Ўзбекистон темир йўлларигача бўлган барча миллий монополиятларнинг энг йирик кредитори ҳам айнан фонд ҳисобланади).