Россия ва Қозоғистонда қандай?
МДҲ маконида тўлақонли бозор ёки тартибга солинадиган энергетика бозори фақат Россия ва Қозоғистонда шаклланган (Украина ва Грузия энергетикаси ҳам бозор қоидаларида ишлайди, лекин бу мамлакатлар МДҲни тарк этган).
Россиянинг улгуржи электр бозори иккита нарх зонасига ажратилган (Сибирь ва Узоқ шарқда энергия ишлаб чиқариш нисбий арзонлиги ва минтақавий рақобатни таъминлаш учун),
Россиянинг 80 фоиз аҳолиси ва иқтисодиёти жойлашган биринчи нарх зонасида улгуржи принципларда сотиладиган электроэнергия нархи киловатт соатига 2,53 рублни ёки 373 сўмни ташкил этади. Улгуржи сотувчилар ГЭС, АЭС, ИЭС ва бошқа категорияларга ажратилмаган. Барча генерация субъектлари ўз зонасида баб-баравар ягона платформада рақобатга киришишга мажбур.
Иккинчи, генерация асосан ГЭСларда юз берадиган нарх зонасида улгуржи нархлар киловатт соатига 1,85 рубль ёки 273 сўм атрофида шаклланган.
Қозоғистонда улгуржи электр бозори ҳукумат томонидан тартибга солинадиган бозор ҳисобланади. Ҳукумат ҳар беш йилга генерация субъектлари учун энг юқори нархларни белгилайди. Энг юқори нархлар генерация тури ва объектига қараб фарқланади. Масалан, ГЭСлар орасида энг қиммат электр генерация қиладиган «Шардариснкая ГЭС» АЖ учун энг юқори нарх киловатт соатига 8,77 тенге ёки 218 сўмни ташкил этади.
Эслатиб ўтаман, бу улгуржи нархлар.
Кўраяпсизки, Сангиновнинг ГЭСларидан сотиб олинадиган электр Қозоғистон ва Россия бозоридаги энг қиммат улгуржи таклифдан ҳам 2, 2,5 баробарга қимматга айланмоқда.