Февралда депозитлар ставкалари яна оша бошлаган
Қисқа танаффусдан кейин, февраль ойида банк депозитларининг ставкалари яна кўтарила бошлаган. Жисмоний шахслар муддатли омонатларининг ўртача ставкаси 20,4%гача (+0.2%), корпоратив депозитларнинг ўртача ставкаси 15,5%гача (+0.4%) кўтарилган. Банк бозорида йил бошидаги мавсумий депозитлар дефицити ва бунинг устига долларлашув даражасининг ошиши депозитлар учун курашни янада кучайтиради. Эҳтимолки, март ойида бозорда янги, янада юқорироқ фоизлардаги депозитлар таклифларини кўра бошлаймиз.
Кредитлар ставкалари февралда бироз пасайган ва 21,3%дан (-0,2%) иборат бўлган. Ҳозирча буни январдаги кескин юқорилашдан кейинги вақтинчалик коррекция деб аташ мумкин. Нима бўлганда ҳам яқин истиқболда бизни, пул-кредит шартларининг қаттиқлаштирилиши шароитида кредитлар фоизларининг маълум давргача кўтарилиб бориши кутса керак.