Электромобиллардан фойдаланишни рағбатлантириш бусиз ҳам танловсиз бўлганларни жазолаш ҳисобига амалга ошмаслиги керак
Бугундан "Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида"ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилган.
Биласиз, ўзбекча анъанага кўра қайсидир соҳани ривожлантирмоқчи бўлинса, албатта давлат фонди тузилади. Бу сафар ҳам истисно бўлмаган. Қарор лойиҳасига кўра “Яшил иқтисодиётни ривожлантириш” Жамғармаси ташкил этиш кўзда тутилган, чунки бусиз гўёки электробиллардан фойдаланишни рағбатлантириб бўлмайди. Албатта кимнидир жазолаб фондга пул йиғиш керак. Бу ўзбек чиновниклари учун муқаддас иш.
Ёзилишича, энди мазкур фонд фойдасига ГАИ (ДЙҲХХ)дан рўйхатга ўтган ҳар бир автомобилдан 0,5%гача қўшимча йиғим ундирилади. ГАИдаги йиғимларни яқинда йўқотувдикку, деб ажабланманг, у ўнг қўл эди, бу ишларни эса чап қўл режалаштирмоқда. Қўшимчасига бензин (15 сўм) ва газ истеъмоли (100 сўм) учун яна қўшимча устама ҳақ киритишмоқчи. Ўзи ўзбек истеъмолчиси автомобиль ва бензин/газ борасида умуман танловсиз. Энди танловсизни бошига уриб, чўнтагига қўл солиб, яна жазолашмоқчи.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Ўзбек чиновниклари ҳеч қачон ўзини эсдан чиқармайди. Электромобиллардан кенг фойдаланишни улар ўзларини электромобиль билан таъминлашдан бошлашмоқчи. Вазирликлар, идоралар, бюджет ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар хизмат автомобиллари паркининг 2025 йилга қадар камида 10 фоизигача, 2030 йилга қадар 100 фоизи босқичма-босқич электромобилларга алмаштирилишни режа қилишмоқда.
Электромобиллардан фойдаланиш йилма-йил эмас, ойма-ой ривожланиб, кенгайиб бораётувди. Айнан давлат йўқлиги учун. Шуниям кўп кўришади шекилли. Давлат аралашмаса, ўзбек чиновниклари табиий бозор эволюциясини бузмаса бўлмайди.
Лойиҳа билан танишинг ва эътирозлар билдиринг!