Монголия: ноқулай логистика ва географияга қарши энг мувофиқ ечим бу очиқлик
Агар солиштирилса, Монголия Ўзбекистондан ҳам ноқулай жойлашган. Монголиянинг қўшнилари агрессив ва ютиб боришга тайёр икки катта зўравон давлат. Бизни эса бу икки катта зўравон қўшнилардан камида биттадан давлат ажратиб туради.
Ўзбекистон энг яқин денгиз портига чиқиш учун 1350 км йўл босишга тўғри келса, монголлар 2250 км йўл босиб энг яқин Тинч океани портларига етиб борадилар.
Лекин биздан фарқли ўлароқ монголлар география ва логистика баҳонасида 30 йилдан буён мамлакатини ёпиб ўтиришгани йўқ. 1991 йилгача ЯИМнинг 30%игача Совет иттифоқига боғлиқ Монголия бундан буён давлат сифатида мавжуд бўлиш учун 1992 йилдаёқ очиқ бозор ва демократия қуришдан ўзга чора йўқлигини тушуниб етишган.
Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун деярли биз билан баравар музокара бошлаган Монголия 1997 йилдаёқ ташкилот аъзосига айланган ва шундай буён ҳар бир ҳукумат ташқи савдони эркинлаштириш унинг асосий ютуғи бўлиши мумкинлигига эътибор қаратиб келади.
Монголия бугун барқарор демократия, эркин сайловлар якуни бўйича доимий алмашиниб турадиган ҳукумат ва парламент (1991 йилдан буён 6- президент алмашган ва улардан учтаси муҳолифат вакили бўлган) ва табиийки очиқ иқтисодиётга эга. Шунингдек, қанчалар жозибали бўлмасин, қўшнилардан турли босимларга рўпара келинмасин, тўрт ҳарфли минтақавий блок ва иттифоқларга кирмаган. Мамлакат учун нейтраллик ва айни пайтда бутун дунёга очиқлик энг асосий принциплардан ҳисобланади.
Биз жон бошига ЯИМни 2030 йилга бориб 4000 долларга етказмоқчимиз, монголлар бу вазифани 2020 йилдаёқ амалга оширишган. Биз ҳали ёпиқ бўлган ташқи савдодаги дисбалансни мувофиқлаштиришни 2025 йилга қолдирганмиз. Монголияда, гарчи мамлакат бутунлай очиқ савдо сиёсати юргазилсада, 2014 йилдан буён савдо баланси дефицити бартараф этилган.
Монголия мисоли ҳам кўрсатадики, савдони эркинлаштирмаслик ғояларини дастаклаш иқтисодий ўсиш ва унинг инклюзивлигини таъминлашни истамаган, лекин ҳар қандай вазиятда статус-кво режимини сақлаб қолиш ва уни мустаҳкамлаш ниятидаги маслаҳатчилардан чиқиши мумкин холос.