Iqtisodchi Kundaligi kanalidan
Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидовага кўра — Ўзбекистон келажакда ҳам, савдони эркинлаштирмоқчи эмас. Бунинг сабаблари деб, Саидова тўртта риск мавжудлигини айтиб ўтган.
Айтилган «рисклар» савдони эркинлаштирмаслик учун сунъий ўйлаб топилган қийинчиликлар. Улар мавжуд эмас.
Масалан, ишчи жойлари яратилиши бу эркин савдога қарама қарши эмас — айнан тескариси.
Дунё савдосидан ўзимизни ўзимиз тўсганимиз учун ишчи жойлар бизда яратилиши қийин. Айнан шу энг катта муаммо — савдодан ўзини тўсган мамлакатда, янги ишчи жойларини яратиш ниҳоятда «қиммат» шу ҳақида тепадаги постда ўқигандирсиз. Буни рисклардан бири деб айтиш, албатта хато.
Бундай деса бўлади: савдони эркинлаштирмаслигимиз бизни халқаро занжирларга киришимиз ва инвестициялар жалб қилишимизни қийинлаштиради, бунинг натижасида янги иш жойлари яратилмасдан қолиб кетади. Лекин, «ҳимояланган» ва бир қўлда санаб чиқса бўладиган ташкилотлар бундан кўп манфаат олишади ва бир неча ўн минг инсонлар учун ойлик тўлашни баҳона қилиб, қолган 34 миллион инсон қимматроқ товар ва хизматлардан фойдаланиши керак ва муҳими, дунёда рақобатбардош бўлган товар ишлаб чиқариш рағбатидан барча бошқа потенциал корхоналарни маҳрум қиламиз.
Худди шундай логистика қимматлиги эркин савдони қўллашга «риск» қилиб кўрсатилган. Тескариси — айнан қиммат логистика бўлгани учун, савдони буни устига янада эрксиз қилиш — икки карра мантиқсиз. Чунки савдога бож қўйиш ва қиммат логистика тенг нарсалар. Иккови ҳам савдони қиммат қилади. Агар қиммат логистика ёмон бўлса, демак савдога чеклов ҳам, ёмон дегани. Бу мантиқий номутаносиблик.
Масалан, чет элдан келган шакар бизни бозорда чет элдан 50% қиммат бўлса ва буни 25% логистика қолган 25% божлар бўлса, иқтисодий нуқтаи назардан теппа тенг ўлчовлар. Шакар 50% қиммат, нуқта. Демак, агар логистикани арзонлаштирсак, дейлик мўъжиза бўлиб шакарни логистикаси 25% дан 5% га тушса — хафа бўламизми? Йўқ. Худди шундай, бож ҳам 25% дан, нолга тушса — хурсанд бўлишимиз даркор. Яъни риск деб саналган сабаб, аслида савдони эркинлаштириш учун аргумент. Тепадаги «ишсизлик» ҳам.
Сиёсий риск сабаблари: ЁИИнинг барча аъзолари, ҳатто бутун дунё санкция қўллаган Россия ҳам, ЖСТ аъзоси. ЖСТга кирмаслигимизга сабаб қилиб сиёсатни кўрсатиш, ҳақиқатдан узоқроқ. 1994 йилдан бери ЖСТга кирамиз, ҳар беш йилда янги сабаб: Осиё молиявий инқирози, Россияда “дефолт”, дунёдаги иқтисодий инқироз, минтақада ностабиллик, Коронавирус ва ҳоказо. Яъни кирмаслик учун сабаб қидириб топиш бўйича бизга тенг келадигани йўқ. ЖСТда ҳам тушунишса керак — 28 йилдан бери «кириш нияти» бор мамлакат бу йили ҳам кирмаслиги аниқ.
Иккинчи риск эса — тўлиқ тескари. Савдодаги негатив тўлов баланси — бу табиийки мусбат инвестисион баланснинг ҳосиласи. Яъни, эртага бизда инвестициялар кўпайиб кетса ва биз валютани фиксация қилмасак, табиийки негатив савдо баланси бўлади. Бу энг оддий қонуният. Ҳозирги негатив баланс — бизга кириб келаётган долларлар ҳисобига қондирилади. Масалан, давлат қарз оляпти ва бу пулга спорт саройи қуряпти. Четдан келган ускуналар, ўша «негатив баланс»да. Оила Россиядан доллар оляпти ва чет элда чиққан ун сотиб оляпти - бу ҳам ўша балансда. Қисқаси, «негатив баланс» ни хоҳламасак, чет элликлар инвестиция қилишини хоҳламаслигимиз керак, ёки, валютани сунъий равишда ушлаб туришимиз керак. Қандайдир маънода, савдони чеклашимиз ҳам, ўша «негатив балансни» сабаби — оқибати эмас.
Хулоса шуки, мени тушунишимча, бизда савдо қандай эркин бўлмаган бўлса, шундайлигича қолади.