Олигарх Усмановнинг контораси келаси ҳафтадан маиший техника маҳсулотларини мажбурий маркировкалашни бошлайди
Ҳукумат қарорига кўра, 2022 йил 15 апрелдан бошлаб чангютгич, кир ювиш машинаси, совутгич ва музлатгич, телевизор ва мониторларга нисбатан мажбурий маркировкалаш жорий этилади.
Мажбурий маркировкалаш учун олигарх Усманов холдингига кирадиган «CRPT TURON» МЧЖ танлаб олинган. Мажбурий рақамли маркировкалаш учун оператор танлаб олишда ўз вақтида ҳеч бир танлов амалга оширилмаган ва тўғридан-тўғри шартнома тузилган.
Ҳар бир маркировка қилинган маҳсулот учун ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар «CRPT TURON» МЧЖга ҚҚС билан ҳисоблаганда 78,2 сўм ҳақ тўлайди.
Аввалроқ дори воситалари ва тиббий буюмлар, сув ва салқин ичимликларни мажбурий маркировкалаш тизими жорий этилганди.
2022 йил 1 августдан маиший газ плитаси, ошхона дудбурони, духовка ва печка, микротўлқинли печ, дазмол, сув иситкичлар, 2022 йил 1 ноябрдан сув иситиш қозонлари, кондиционер, ўрнатилган электр моторли маиший техникаларни (сок чиқазгич, блендер, миксер, кофе янчгич, гўшт майдалагич) маркировкалаш мажбурий бўлади.
Алишер Усманов АҚШ, Европа иттифоқи ва Буюк Британия санкцияларига киритилган россиялик олигарх ҳисобланади.
Усманов Ўзбекистонда Ucell белгиси билан хизмат кўрсатувчи уяли алоқа компанияси, "Капиталбанк" ва "Оҳангаронцемент" заводларини билвосита назорат қилади.