Олигарх Усмановнинг контораси энди шина ва гиламларни ҳам маркировка қилмоқчи
2022 йил 15 апрелдан бошлаб чангютгич, кир ювиш машинаси, совутгич ва музлатгич, телевизор ва мониторларга нисбатан мажбурий маркировкалашни бошлаган «CRPT TURON» МЧЖнинг иштаҳалари борган сари очилиб бораяпти.
Маркировкалаш ҳуқуқини танловсиз қўлга киритган олигарх Усманов назоратидаги «CRPT TURON» МЧЖ энди маркировкалаш орқали пул ишлаш фаолиятини шина, гиламлар ва ҳатто эҳтиёт қисмларга ҳам қўлламоқчи. Доимгидек, бу ҳақда олигархнинг асл ватани Россия ОАВлари биринчи бўлиб хабар бермоқда.
Айтиш кераки, амалдаги ҳукумат қарорига кўра, мажбурий рақамли маркировкалаш талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхатида шина, гиламлар ва эҳтиёт қисмлар йўқ. Лекин бу муаммо битта қўнғироқ билан ҳал бўлса, ҳайрон бўлмаса бўлади.
Ҳукуматдан имтиёз ва преференциялар талаб қилиш олигарх Усманов тузилмалари учун чўт эмас. Масалан, кеча Тошкент Металлургия заводини ўз назоратига олган Усмановнинг яна бир тузилмаси «Металлоинвест» Ўзбекистон темир йўлларидан имтиёзли тарифлар талаб қилганди. Инвестициялар ва савдо вазири Умурзоқов муаммо ўрганиб чиқилиши ва "доложить" қилинишига ваъда берганига Усманов назоратидаги "Коммерсантъ" газетаси алоҳида урғу берган.