Булар оқибатлар, Танзила опа
Сенат раиси Танзила Нарбаевага кўра, 2021 йилда банк соҳаси ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий жиноятлар 3 баробарга ошган.
Бундан асло ҳайрон қолмаслик керак.
Аввало айтиш керакки, банк соҳасида коррупция Ўзбекистондаги коррупцион вазиятнинг бир қисми. Тизимга айланган бутуннинг қисми. Ундан ортиқ ҳам, кам ҳам эмас. Коррупцияга қарши курашаяпмиз деб қанча қичқирилмасин, бу куф-суфдан ва пиар-шоудан нарига ўтмаяпти. Коррупциянинг асосий манбаи қўлга олинаётган кадастр, ўқитувчи, ҳамшира ё солиқчи ё замҳокимлардагина эмас, ҳа, маиший коррупцияга ҳам қарши курашиш керак, ён тарафларга ва атрофингиздагиларга бир қаранг. Манфаатлар тўқнашувига қарамай давлат буюртмаларини ва бюджет ресурсларини ўзлаштирмаётган, лавозим ваколатларини бойиш мақсадларида ва монопол мавқеларни эгаллаш учун ишлатмаётган, рейдерлик билан шуғулланмаётган кабинетменлар борми, қолдими ўзи?
Иккинчидан, бозор ва тижорий қарор қабул қилиш мумкин бўлган жойда давлат аралашуви бўлса коррупция йўқолмайди. Ҳокимлар 5,10, 15 йил аввал банк соҳасига қандай зарарли аралашувни амалга оширган бўлса, худди шундай ва балки ундан бадтарроқ аралашувда давом этмоқда. 1984 та қонун, 1488 та фармон, 146 та қарорлар буни тақиқласа ҳам. Кредитлаш, лойиҳаларни танлаш, бошқарув, иш тартиби, қарор қабул қилиш - барчасида ҳокимларнинг қинғир панжаси ва манфаатларини кўриш мумкин. Билингки, ўша ҳокимлар сизнинг сенаторларингиз ҳам. Билингки, буёғига асло яхши бўлмайди, бундан ҳам бадтар бўлади.
Учинчидан, ўзингизларга савол бериб кўринг. Коррупцияга қарши сиёсий институтлар яратдикми? Ўзи ўтган 6 йилда биронта институт яратдикми? Бундай хоҳишлар борми ўзи? Бугунги шовқинлар курашаётгандек бўлиб кўриниш ёки фақат садоқатли бўлмаганларга қарши ишлатиладиган репрессив машина эмасми, аниқлаштириб олиш керак.
Навальний қамалмасидан аввалроқ коррупцияга асосланган режимларнинг қадриятлари ҳақида қатор тезисларни санаб ўтганди. Шуларни эслатиб ўтишнинг айни вақти, менимча:
1. Всегда говори одно, а делай другое.
2. Коррупция - основа доверия.
3. Денег никогда не бывает слишком много.
1. Битта гапни айтиб, бошқа ишни қилавер.
2. Коррупция — садоқатнинг асоси.
3. Пул ҳеч қачон жуда кўп бўлмайди.