Россияда йиллик инфляция 16,7%га етган
Россияда инфляция суръати ошишда давом этмоқда. 1 апрель ҳолатига йиллик инфляция 16,7%ни ташкил этган. Озиқ-овқат инфляцияси 18,75%га, ноозиқ-овқат инфляцияси 20,21%га етган.
Асосан камбағал тоифалар истеъмолидаги маҳсулотлар нархлари юқори суръатларда ошаётганига эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ.
Охирги ҳафта давомида пиёз (14,22%), картошка (4,75%), карам (13,22%), лавлаги (11,27%), сабзи (8,45%), шакар (5,08%), гуруч (3,14%) нархлари юқори суръатда ошишда давом этган.
Ноозиқ-овқатлардан аёллар гигиеник воситалари (5,27%), туалет қоғози (2,60%), совун (3,46%), шампунь (3,36%), кир ювиш порошоги (3,49%) кескин қимматламоқда.
Ўрта ва юқори тоифалар истеъмолидаги қатор маҳсулотлар, масалан, помидор, бодринг, банан, бензин, енгил автомобиллар арзонламоқда.