Индонезия пальма ёғи экспортини чекламоқда. Бу бизга яхшими?
Дунёдаги энг йирик пальма ёғи ишлаб чиқарувчи Индонезия 28 апрелдан бошлаб ушбу маҳсулот экспортини чекламоқда.
Пальма ёғи камбағал давлатлар, хусусан Ўзбекистон озиқ-овқат саноатида жуда муҳим ингредиент хом-ашё ҳисобланади. Инсон саломатлигига зарари ҳақида (айниқса қон-томир билан боғлиқ) жуда кўп айтилган ва ёзилганига қарамай, сут, пишлоқ, музқаймоқ, ширинликлардан тортиб, колбаса-гўшт маҳсулотларигача тайёрлашда арзон бўлгани учун пальма ёғи фаол ишлатиб келинади.
Ўзбекистонда пальма ёғи импорти нолинчи йилларда арзимас бўлган бўлса, охирги йилларда расмий ва норасмий импорт 100 минг тоннага яқинлашмоқда. Парламентнинг айрим депутатлари пальма ёғини тақиқлаш таклифлари билан бир неча бор жамоатчиликка мурожаат этишган, лекин бу таклифлар қарор қабул қилувчилар тарафидан қувватловга эга бўлмаган.