Қирғизистон Чекобод ўтказиш пунктини очмоқчи
Қирғизистон ташқи ишлао вазири лавозимига номзод Жээнбек Кулибаев Парламент тасдиғидан ўтиш чоғида депутат Элдар Сулаймановнинг саволига жавоб бера туриб, йил охиригача Ўзбекистон билан қўшимча 3-4 та чегара ўтказиш пункти очилиши ҳақида гапирган.
Режалаштирилаётган чегара ўтиш пунктларидан бири - Аравон ва Марҳамат туманларини бирлаштирувчи Чекобод пости бўлади.
Қачонлардир фаолият кўрсатган даврда мазкур ўтказиш пункти энг серқатнов маршрутлардан бири бўлган. Асака, Фарғона, Қува, Марғилон тарафлардан одамлар ва юкларнинг Қирғизистонга ўтиши ва қатнови учун Чекобод пости логистик жиҳатдан ўта қулай ҳисобланган.
Агар мазкур пост очиладиган бўлса, чегаравий савдо ва транспорт алоқаси ривожланиши ҳисобига Андижон вилоятининг энг депрессив ҳудудларидан бўлган Марҳамат тумани кенг иқтисодий самара ва имкониятларга эга бўлиши мумкин бўлади.
Аввалроқ ўзаро умумий чегарадош вилоятларда жами 18 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида чегара ўтказиш пунктлари жуда камлиги ҳақида ёзган эдик.