Қўшни қардошлар билан алоқаларимиз ҳаддан ташқари муҳим: Ўшга авиақатнов қачон ташкил этилади?
Бу муносабатларнинг негизи иқтисодий ё моддий ёрдам беришдан ташқари кўпроқ алоқаларнинг кенгайиши, арзонлашиши ва осонлашиши устига қурилиши керак.
Ўзбекистоннинг тўртта вилояти Қирғизистоннинг тўртта вилояти билан чегарадош. Умумий чегарамиз 1300 кмдан ортиқ. Ўзаро умумий чегарадош вилоятларда жами 18 миллионга яқин аҳоли яшайди. Лекин шунча узун чегара ва катта аҳолига ҳаммаси бўлиб тўрттагина чегара ўтказиш пункти мавжуд. Бу жуда кам.
Масалан, қатор туманларимиз Қирғизистон билан бевосита чегарадош, умумий тўғридан-тўғри йўллари бўла туриб 100-150 км йўл босиб қўшни Республикага ўтилади. Фуқаролар ва транспорт учун чегара ўтказиш пунктларини кўпайтиришимиз керак. Бу иқтисодиётга - туризм, савдо, қишлоқ хўжалиги, нарх наво, умуман олганда одамларимиз турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатади.
Ўзбекистондан ташқарида энг кўп миллатдошларимиз Ўш шаҳри ва вилоятида, Жалолободда яшайди. Лекин водий минтақасининг энг йирик шаҳри ҳисобланган Ўш билан доимий транспорт алоқаси йўқ. Ўш-Тошкент-Ўш йўналиши бўйича авиақатнов ваъда қилинганига 3,5 йил бўлди.
Тўғриси, мен тушунмайман, нима учун Ўшга авиақатнов йўқлигини.
"Самарқанд халқаро аэропорти очилса, нархлар тушади", деган эди Ҳукумат вакили 1 йил аввал. Сал аввал Ўш-Самарқанд-Ўш рейслари очилиши ҳақида гаплар бўлган. Самарқанд аэропорти ишга тушди мана. Арзон нархлар қани? Ўшга қатнов қани?