Жаҳон банки озиқ-овқат кризиси юз бермаслиги учун 30 миллиард доллар ажратади
Россиянинг Украинага ҳужуми оқибатлари келтириб чиқараётган озиқ-овқат кризисини бартараф этиш учун Жаҳон банки 30 миллиард доллар ажратиши айтилмоқда.
Озиқ-овқат нархларининг ўсиши энг камбағал ва ҳимояланмаган қатламларга ҳалокатли таъсир ўтказади, — деб айтган Жаҳон банки гуруҳи Президенти Дэвид Малпасс.
Маблағларнинг 12 миллиард доллари янги лойиҳаларга, 18 миллиарди эса ҳозирда мавжуд, лекин ўзлаштирилмаган, озиқ-овқат таъминоти учун, ирригация, сув таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳаларга йўналтирилади. Банк ёрдам учун танлаб олган давлатлар Африка, Яқин Шарқ, Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларидир. Чунки айнан шу ҳудудлар Украинанинг Қора денгиз портларида блокланиб қолаётган ғалла ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказилмаслигидан азият чекишмоқда.
Ўтган куни БМТ Озиқ-овқат дастури Украина портларини блокдан чиқаришни сўраб мурожаат қилган эди. Биргина Россия окуппантлари қамалида қолган Одесса портининг ўзида 25 миллион метрик тонна озиқ-овқат ва ғалла йиғилиб турипти. Украинага боғлиқ бўлган ҳудудларда 44 миллион одам очлик хавфи ости қолмоқда.
Эркин дунё мамлакатлари Россиянинг бутун дунё бўйлаб мақсадли равишда озиқ-овқат кризиси яратишга уринишда айблай бошлаган.