Ташқи қарзни кўпайтиришга рағбат берадиган солиқ ва бож имтиёзлари қисман бекор қилинади. Бу етарли эмас
Янги даврда ташқи қарз жалб қилишга нафақат норационал шиддат билан киришиб кетилди, балки ташқи қарзни кўпайтириш солиқ ва бож имтиёзлари билан рағбатлантирилди ҳам. Бошқача айтганда, товар ва хизматларни ўз маблағлари ҳисобига келтиришдан кўра ташқи қарз ва кредитлар ҳисобига келтириш нисбий афзаллиги яратилди.
Афсуски, бундан нафақат ўзимизнинг бизнесмен-чиновникларимиз ва уларни шотирлари фойдаланди, балки Россия ва Хитой сингари қарз сиёсати билан империячилик ва янги мустамлакачилик манфаатларини юритадиган давлатлар ҳам ўз мақсадларида ишлатиб келмоқда.
Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, 2022 йилнинг 1 майидан Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилмайди. Ҳа, зўрку, мана нотенглик яратаётган ва ташқи қарзни кўпайтиришга хизмат қилаётган имтиёзлар бекор бўлаяптийкан-ку, деб хурсанд бўлишга шошилманг.
Имтиёзлар фақат Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган ташқи қарз қарз ва кредитларга нисбатан бекор бўлаяпти холос. Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан тўғридан-тўғри қарз ва кредитлар жалб қилинганда бож ва солиқ имтиёзлари сақлаб қолинаверади.
Бизнингча, Божхона кодексининг 297-модда иккинчи қисмнинг 8-банди ва «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-599-сонли Қонуни учинчи қисми тўлиқ олиб ташланиши даркор.
Шунингдек, Президент қарорлари билан Солиқ имтиёзлари, Божхона йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзларни тақдим этиш практикасидан ҳам воз кечиш ҳақида ўйлаш вақти келди. Балки Конституцияга киритилиши керак бўлган ўзгартиришлар қаторида муҳокама этиладиган энг муҳим масала шудир?