Ипотека қарздорлари учун солиқ имтиёзлари қайтадими? Саволлар кўп
Кечаги йиғилишда аҳоли даромадининг кредитга йўналтирадиган қисмини солиқдан озод қилиш чегарасини ошириш билан боғлиқ қизиқ таклиф янгради.
Шунингдек, ипотека кредитини ажратишда аҳоли даромадлари бўйича тижорат банкларига қўйиладиган талабларни енгиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси ҳам қўйилди.
Аввало айтиш зарурки, 2020 йилда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кириши билан қишлоқ ва шаҳар жойларда қурилган арзонлаштирилган уйлар бўйича ажратилган ипотека кредитлари тўловлари юзасидан, шунингдек, ёш оила мақомига эга қарздорлар бўйича солиқ имтиёзлари бекор бўлган. Ҳозир ҳеч бир ипотека дастури бўйича амалда бўлган даромад солиғига оид ёки даромадлар чегарасига тааллуқли имтиёз мавжуд эмас.
Шунинг учун аҳоли даромадининг кредитга йўналтирадиган қисмини солиқдан озод қилиш чегарасини ошириш дейилганида нима назарда тутилди, ҳозирча номаълум. Балки ипотекага йўналтириладиган даромадлар бўйича имтиёзлар қайтарилар. Имтиёзлар қайтарилса, бу имтиёзларни тугатиш эвазига даромад солиғи бўйича пасайтирилган 12%лик ягона шкалага ўтганимиз ғоясига қанчалик мувофиқ бўлади.
Ўзи бусиз ҳам давлат дастури бўйича ипотека қарздорлари субсидиялаш механизмидан фойдаланишади. Агар қўшимчасига солиқ имтиёзи ҳам берилса, бу икки карра имтиёзга айланиб қолмайдими?
Аҳоли даромадлари бўйича тижорат банкларига қўйиладиган талабларни енгиллаштириш вазифаси ҳам қизиқ. Бу қарз юки билан боғлиқ масалами ёки дастлабки бадал билан боғлиқ бўладими, яна номаълум. Нима бўлганда ҳам, хулосалар учун қарор лоийҳаси эълон қилингунча кутиш керак бўлади.
- https://t.me/Press_Secretary_Uz/2133@Press_Secretary_Uz