19K152Telegramda ochish
Картошка ва Афғонистон Покистонда муссон мавсумида давом этаётган кучли ёғингарчилик келтираётган оқибатлар Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга ҳам таъсир этмай қолмайди. Дастлабки расмий маълумотларга кўра 33 миллион фуқаро жабрдийдага айланган (ҳар 7 фуқаронинг бири). Миллиондан ортиқ уй-жойлар, 3,5 минг километр йўл, 150та кўприклар, 750 мингдан зиёд уй ҳайвонини сув ювиб, оқизиб кетган. Қурбонлар сон-саноқсиз. Ёғингарчилик ҳали бери тўхтай демаяпти. Космосдан қараганда сув босган ҳудудлар улкан кўл тасвирини ҳосил қилган. Мамлакат БМТдан ёрдам сўраган. БМТнинг қочқинлар бўйича бошқармаси ҳатто Афғонистонга мўлжалланган ёрдам партияларини ҳам Покистонга жўнатмоқчи. Бунда хусусан, Термиздаги минтақавий омборхоналардан ҳам фойдаланишмоқчи. Ўзбекистон картошка импортининг 80%и Покистондан келтирилади. Қиш ва баҳор узилиш мавсумида асосан Покистон картошкасини истеъмол қиламиз. Умуман олганда, Покистон охирги йилларда Ўзбекистон озиқ-овқат импорт қилинадиган ТОП 5 мамлакатдан бирига айланганди. Жанубий йўналишдаги логистика ва транспорт масаласида ҳам Покистоннинг ўрни биз учун сезиларли даражада аҳамиятли. Яна бир масала Афғонистон билан боғлиқ. Шартли равишда айтганда ўтган йилнинг августидан бери Толибон Афғонистони тўлиқ Покистон боқувида эди. Изоляциядаги толиблар сиёсий, молиявий, техник, қочқинлар ва гуманитар масалаларда Покистонга тўлиқ қарамлашган. Энди Покистоннинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб турипти. Мустақил бюджет, молия тизими мавжуд бўлмаган, ҳарбий, хавфсизлик ва сиёсий вертикал тўлиқ ўрнатилмаган Афғонистонда вазият янада мураккаблашиши мумкин. Бу янги чақириқлар яратади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin