ШҲТни НАТО ёки Ғарбга қиёслаш нотўғри
Бугунги кундаги хатарли замонда Ўзбекистон ташқи сиёсатини оғир-босиқлик билан олиб боряпти. Шундай паллада Шанхай ҳамкорлик ташкилотини НАТО ёки умуман, Ғарбга қиёслаш ғирт абсурд иш.
Бир нарсани тушуниш керак, ШҲТнинг идеаллари – бу зиддиятни кучайтиришга эмас, ҳамкорликни ривожлантиришга йўлдир.
Баъзи Ғарб экспертлари тилидан «ШҲТ Хитой ва Россия қўл остидаги ташкилот», деган фикрни ҳам эшитиш мумкин. Геосиёсат тоифалари билан йўғрилган бундай мулоҳазалар Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатлар кескин тус олаётган бир пайтда янада янги куч билан намоён бўлмоқда.
Бундай ёндашувни рад қилувчи асосий тезис шуки, ШҲТ истисносиз барча қарорларни келишув асосида қабул қилишга асосланади. Яъни, иқтисодий ёки ҳарбий куч-қудратидан қатъий назар, барча мамлакатлар тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадир. Марказий Осиё давлатлари ШҲТнинг йигирма йилдан зиёд фаолияти давомида буни амалда исботлаб келмоқда.
Бундан ташқари, Осиёда энг йирик давлатлар яна бири – Ҳиндистоннинг иштирок этиши Хитой ва Россиянинг геосиёсий таъмаларини мувозанатга келтириш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтказилиши кутилаётган саммитга НАТО аъзоси – Туркия давлати президенти ҳамда Озарбайжон, Арманистон ва Туркманистон давлатларининг президентларини, шунингдек Арманистон бош вазирини ҳам саммитга таклиф этган.
Шундан билиш мумкинки, Тошкентнинг мақсади аён – ШҲТ зиддият ва рақобат эмас, балки кенг кўламли мулоқот ва ҳамкорлик майдони бўлиб қолиши даркор.