Украина: Бюджетнинг ярми мудофаага сарфланади
Украина ҳукумати 2023 йил учун бюджет лойиҳасини тасдиқлагани маълум қилинмоқда.
2023 йилда мудофаа ва хавфсизлик харажатлари 4 баробарга, 1,1 трлн. гривнагача оширилади. Бу бюджет харажатларининг қарийб ярмини ташкил этади.
Айни вақтда ҳукумат давлат ҳокимияти органлари, чиновниклар ва уларнинг харажатларини 11,6 млрд. гривнага қисқартирмоқчи.
Бюджетнинг 35%и социал соҳага йўналтирилади.
Бюджет дефицити ЯИМнинг 20%ини ташкил этиши қайд этилган. Дефицит асосан ташқи қарз ҳисобидан ёпилади.
Гривна курси 2023 йил охирига 1 доллар учун 50 гривнагача етиши ҳисобга олинган (ўртача йиллик курс 1 доллар учун 42,2 гривна).
ЯИМ ўрта-пессимистик прогнозга кўра 4,6%га ўсади, лекин бу урушнинг қандай боришига боғлиқ бўлади. Инфляция 30%га етади.
Бош вазир Шмигаль 2023 йил бюджетини Ғалабага эришиш бюджети деб атаган