Оғирлашаётган Россия: 4 ойлик бюджет дефицити йиллик режадан ҳам ошиб кетди
2023 йилнинг тўрт ойи давомида Россия бюджетининг даромадлари 22%га қисқариб кетган бўлса, харажатлари 26%га ошган. Натижада бюджет дефицити 3,4 трлн.рублдан кўпроққа етган. Бу йиллик дефицит режа мўлжалидан ҳам 500 млрд.рублга кўпроқ.
Энг катта зарба нефть ва газга оид даромадларга тушган. Даромадларнинг нефть ва газ билан боғлиқ қисми 2 баробардан зиёдга камайган.
Давлат бюджети харажатларининг учдан бир қисми ўтган ойда махфийлаштириб ёпилганди. Катта эҳтимол, харажатларнинг ошиши айнан ўша яширилган моддалар (асосан ҳарбий харажатлар) эвазига юз бермоқда.
АҚШ, Европа ва умуман жамоавий ғарбнинг ўтган йилги санкциялари асосан Россия импортини чеклашга йўналтирилгани ҳисобига катта таъсирли бўлмаган. Ўтган йилнинг охиридан бошлаб асосий эътибор Россия экспортини, биринчи навбатда нефть ва газга нисбатан чекловларга қаратила бошлади ва айни шу нуқта Россияда иқтисодий аҳволни оғирлаша бошлашига жиддий туртки бўлди.