Давлат бюджети дефицити 34 трлн.сўмдан ошган ва катта эҳтимол яна ошади
Июнь ойи давомида давлат бюджетининг даромадлари 23,2 трлн.сўмни, харажатлари эса 27,9 трлн.сўмни ташкил этган. Энергетика тарифларининг кескин оширилиши ва бюджет ходимлари маоши, пенсиялар индексацияланмаганига қарамай, бюджет харажатларининг даромадлардан кўра тезроқ ўсиши давом этмоқда. Бунинг сабабларини бюджет мундарижаси батафсил очиқланмай аниқлаш қийин.
Аввалги 5 ой ва июнь ойи маълумотлари қўшиб чоғиштирилса, 2024 йил ярим йиллик якунлари бўйича давлат бюджети даромадлари 115,8 трлн.сўмни, харажатлари эса 149,8 трлн.сўмни ташкил этгани маълум бўлади. Шунда жамланган дефицит 34 трлн.сўмдан ошган.
Маълумот учун, ўтган 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат бюджетининг дефицити 26,8 трлн.сўмдан иборат бўлганди, яъни вазият ўтган йилги оғир аҳволдагидан ҳам мураккаброқ ривожланмоқда.
Тенденциядан келиб чиқилса, бу йил ҳам ЯИМга нисбатан 4%лик ёки 52,5 трлн.сўмлик консолидациялашган бюджет дефицитига тушиш жуда қийин бўлади. Балки аллақачон йиллик харажатлардан ортиқ ёки умуман кўзда тутилмаган харажатлар амалга ошириб бўлинган моддалар бўлиши мумкин. Охирги 3 йилдаги каби декабрнинг охирги кунида харажатлар амалга оширилиб бўлингач эмас, харажатлар қилинмасидан, олдиндан жамоатчиликка, парламентга чиқарилиши, очиқ муҳокама этилиши зарур.
Охирги 6 ойда янги ва янги вазирликлар, яъни бюджет тақсимловчилари пайдо бўлди, уларнинг бюджети яна орқа сана билан тасдиқланадими? Масалан, Ўзатомники, Энергорегуляторники?
Бомбага айланиши мумкин бўлган АЭС бўйича харажатлар қайси моддага, қайси жамғармага тиқилади?
Бу бошимизга тушган бало АЭС деб ойлик ва пенсиялар индексацияси яна кечикмайдими?