27K309Telegramda ochish
Иш ҳақи ва пенсиялар нега 1 майдан оширилмади? 2024 йил бюджетида иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш учун 9,6 трлн.сўм маблағ ажратилган. Бу бюджетда кўрсатилган рақам. Бюджетномага кўра, иш ҳақи миқдорининг қўшимча равишда 1 фоизга оширилиши йилига 1,3 трлн сўм атрофида, пенсия миқдорининг 1 фоизга оширилиши эса 600 млрд сўм миқдорида қўшимча харажатлар талаб этади. Демак, агар ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, бюджетдан ажратилган маблағ молия йилининг 8 ойи давомида, яъни 1 майдан бошлаб иш ҳақи ва пенсия миқдорини 7,5%га оширишга етарли бўлган. Эҳтимолки, бюджет тузилаётган вақтда айнан шундай режа қилинган ҳам (стипендиялар 4 йилдан бери оширилмайди, шунинг учун ҳисобга қўшмадик). Хўш, унда нега иш ҳақи ва пенсиялар оширилмади? Бу саволга биронта расмий жавоб бергани йўқ. Расмийлар сукутда экан, ўзимизнинг мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашамиз. Эҳтимоли жуда юқорики, ҳаммасига яна энергетика сабабчи. Энергетикани, айниқса газнинг шимолдан импортини субсидиялаш тўхтагани йўқ. Қайтанга импорт потираб ортмоқда, импорт ҳажмига мувофиқ субсидиялар ҳам (балки расмий рақамлардан ҳам кўпроқ даражада). Шартли равишда айтганда, ўқитувчи, дўхтир ва пенсионерларга мўлжалланган пуллар шимолдагилар ва уларнинг Ўзбекистондаги эмиссарларининг газ схемаларини субсидиялашга кетаётган бўлиши мумкин. Кимлар, қайси ўртамчилар, қанақа нархда шимолдагиларнинг газини импорт қилаётгани, бу субсидияланган газ импортидан қанча қисми, қанақа нархда яна экспортга чиқиб кетаётгани, ўртадаги фарқлар кимларнинг чўнтагида қолаётгани тўғрисида очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Ўзбекистонликлар газини сотиб олаётган ва сотаётган, Ўзбекистонга бир ўзи газ "импорт" қилаётган ва гўёки бир ўзи "экспорт" қилаётган UzGasTrade молиявий натижаларидан тортиб битимларигача яширишда давом этмоқда. Ўзбекистонликлар учун ҳаммаси тақа тақ ёпиқ.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin