30 йиллик ёлғон такрорланмоқдами: "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD'лар чет элдан олиб келинаётган маҳсулотлардан арзон бўлади"
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD'лар чет элдан олиб келинаётган маҳсулотлардан арзон бўлади, дея интервью бермоқда “BYD Uzbekistan Factory” раҳбари.
Мазкур баёнотга ишонадиган биронта ўзбекистонлик топиладими ёки йўқми, билмадиму, Жиззахда йиғилаётган BYD Song Plus Champion DM-i Хитойдан хусусий тадбиркорлар томонидан келтирилган худди шу русумли электрокардан 42 млн.сўм ёки 3 350 доллар қимматга сотилмоқда. Бу фарқ қишда янаям каттароқ эди, токи “маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш” формулировкаси билан нотариф чекловлар эълон қилинмагунча. Дарвоқе, айнан бугундан BYD' электромобилларининг эркин импортига маъмурий тақиқлар қўйилиши кўзда тутилган.
Хотираси калта бўлмаганлар роса 30 йил аввал Daewoo Ўзбекистонда автомобиллар ишлаб чиқариш заводини қуришни бошлаганида, худди шу каби ваъдалар эълон қилинганини эслашади. Ҳақиқатан ҳам шу ваъдалар амалга оширилган, фақат аждарҳо божлар ўрнатиш, танловни ўлдириш ва рақобатни чеклаш орқали. Бу сафар бошқачароқ бўлишига ишонадиган биронта лақма ё гўл топилармикан?
Дарвоқе, BYD'нинг E2, Seagull ва Yuan каби оммабоп моделлар ишлаб чиқарилишига ишора қилинипти. Бу катта эҳтимолки яқин келажакда рўй бермайди, чунки BYD Uzbekistan Factory ўзининг отамонопол келишувдаги акаси Ўзавтомоторснинг шу линейкасидаги Кобальт ва Оникс каби араваларига қарши танлов ҳосил қилишига қараб юра олмайди. Худди Kia Ўзбекистонда бюджет моделлари таклифига бормагани сингари.
Шахсий прогнозим шуки, нотариф чекловлар янада кучайтирилиб, импортчи рақобатчилар тўлиқ ўлдирилгач, BYD Uzbekistan Factory ҳам тили бир оғаси Ўзавтомоторс сингари шўъбалари воситасида олиб сотар чайқовчи монополистга айланади.
- https://t.me/nigoh_01/7428@nigoh_01
- https://www.autostrada.uz/valuta-kerak-2/autostrada.uz
- https://t.me/the_bakiroo/7950@the_bakiroo