17K10Telegramda ochish
Озарбойжон ҳарбий бюджетини яна оширмоқчи, давлат бошқаруви харажатларини эса камайтирмоқчи Озарбойжонда ҳам бюджет жараёни бошланди. Мамлакат Молия вазирлиги тақдим этган лойиҳага кўра, 2023 йилда бюджет даромадлари 30,7 млрд.манат, харажатлари эса 33,3 млрд.манатни ташкил этади. Бюджет дефицити ЯИМнинг 2,5%идан ошмайди. Бюджет ҳисобларида бир баррел нефтнинг нархи 50 доллар ўлчовида олинган. Озарбойжон бюджетида нефть-газ секторининг улуши 50 фоиздан зиёд. Бюджет мундарижасига кўз югуртирилса, Озарбойжонда ҳам мудофаа ва хавфсизлик учун харажатлар ошиб бораётганини кўришимиз мумкин. Озар қардошлар 2023 йилга жами 5,3 млрд.манат ёки 3,1 млрд.доллар атрофида маблағ йўналтиришмоқчи. Россия Украинага бостириб киргандан кейин, нафақат Европа давлатлари, Россияга қўшни барча давлатлар ҳарбий харажатларини оширишда давом этишмоқда. Озарбойжон бюджетида яна бир эътиборли жиҳат давлат бошқарув харажатларини камайиб бораётганидир. 2023 йилда озарлар давлат бошқарувига 3,7 млрд.манат маблағ сарфлашмоқчи. Бу 2022 йилдагидан 14 фоиз кам дегани. Демак, уруш бюджет трендларига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда: чиновникларни боқишни эмас, армияни мустаҳкамлашни кўпроқ ўйлаш керак бўлади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin