Ўзбек чиновнигининг чўнтагида имтиёзли кредит тарқатиш ва солиқ имтиёзидан ташқари яна нима бор?
Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланаётган ягона номзод (муқобил номзодлар фақат эркин сайловлар шаритида ўсиб улғаяди) Зоир Мирзаев тақдимотида яна имтиёзли кредитлар тарқатиш ва солиқ имтиёзлари бериш чақириқлари янграган. Албатта бундан ҳайрон бўлмаслик керак. Исталган ўзбек чиновнигидан нима қилмоқчисан, режалар қанақа, деб сўралса, имтиёзли кредит ва солиқ имтиёзларидан сўз очади.
Лекин уларнинг ҳеч бири шу пайтгача ажратилган имтиёзли кредитлар тақдири нима бўлгани ҳақида сўзлашни исташмайди. Уларнинг ҳеч бири чапга ва ўнгга совға қилинган имтиёзлардан кейин қанақа иқтисодий самара юз бергани, олинган натижа ҳақида гапира олишмайди.
Миллиардлар ўзлаштирилган каучук плантациялари ҳақида эслашни исташмайди, триллионлар ўзлаштирилган шина заводи ҳақида гапириш ўрни эмас деб ҳисоблашади. Тошкент атрофида пойтахтни мева-сабзавот билан таъминлаб келган минглаб гектар суғориладиган ерлар сотиб тугатилгани ҳақида сўз очилмайди. Чунки таги илдизи бориб ўзларига ҳам ёпишиб қолиши мумкин.
Ҳеч бир ўзбек чиновниги семириб, тарвақайлаб кетган давлат аппаратини камайтирайлик, харажатда сал камтарроқ бўлайлик, еттита ўринбосарим ва учта маслаҳатчимдан маъно йўқ демайди.
Ҳеч бир ўзбек чиновниги мактабларимнинг аҳволи дабдала, ОТМга кириш бўйича энг ёмон менинг вилоятимда дейишга куч топа олмайди ўзида. Мактаблар расволигидан ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам шаҳарга қатнашга мажбур бўлаётганини тан олмайди.
Вилоятда сув муаммоси Қорақалпоғистон ё Қашқадарёдан ҳам ёмон эканини айтишдан ийманади. Чунки сув бўйича олинаётган қарздорликнинг ҳар уч сўмидан бир сўмига Тошкнет вилоятига сарфланаяпти. Лекин қаерга бу пуллар сингиб кетаяпти, ҳеч ким билмайди.
Энг ёмон йўллар, энг ёмон медицина вилоятнинг туманларида эканини шу минбардан туриб айтмайди.
Лекин фалон минг ишчи ўрни яратамиз деб кариллайди. Ваҳоланки, давлат ишчи ўрни яратмайди. Фалонча ишлаб чиқариш қиламиз дейди. Давлат ишлаб чиқариш билан шуғулланса абгор аҳвол янада абгорлашади, дейди кимдир ақллироқ. Лекин бу гаплар чепуха. Давлатнинг кети кенг. Ҳар қандай хатолар ювилиб кетаверади.
Камбағаллар сонини шунчага камайтирамиз дейди. Камбағаллар имтиёзли кредитлар, фермерлардан тортиб олиб ажратилган ердан аҳволи ўнгланмаслигини ўзи жуда яхши билан. Шу камбағалнинг боласи ҳам яна абадий камбағал бўлишини билиб туриб шу ишни қилади. Камбағалликдан чиқариш оғир, 3 ойлик, 6 ойлик иш эмас, таълимни яхшилаш, медицинани яхшилаш, сув ва йўлларни, ахборотга имконни таъминлаш билан бўлишини қаерлардадир кимлардир айтиб ётипти. Лекин улар кимлар?
Биздан бўлмаган ёқимсиз маргиналлар.
Шу туфайли имтиёзли кредит ва солиқ имтиёзлари ҳақидаги қўшиқлар айланаверади.
@the_bakiroo