Давлат ўзи қайси нархларни тартибга солиши керак?
Бизда ҳаммаси оёғи осмондан бўлиб кетган.
Давлат бозор йўқ соҳаларни, монополлашган нарх ва тарифларни тартибга солиш ўрнига, айнан бозор бор, товар ва хизматлар нархи эркин рақобат асосида шаклланган нархларни тартибга солишга уринади. Гўшт, картошка, тухумдан тортиб банкоматларда нақд пул ечиш тарифларигача бўлган назорат ҳаракатлари шу тоифадан.
Қайсидир маънода агарда давлат эзгу ниятлар билан банкоматлардаги тарифларга таъсир кўрсатишни истаса, масалан, ўзининг назоратидаги тўлов тизимлари тарифлари ва қисман инкассация хизматларининг тарифларини мувофиқлаштириши керак. Чунки тўлов тизимларининг тарифлари бозор хизмати нархлари эмас, худди шунингдек, инкассация хизматлариники каби.
Масалан, 2004 йилда ташкил этилган Ягона умумреспублика процессинг маркази (Uzcard оператори) тижорий ташкилот сифатида тузилмаган. Кейинчалик таъсисчилари ва назорати хорижий офшор компаниялар, янги даврда хусусий шахслар қўлига ўтиб кетгани, икки йил аввал яна национализация қилингани билан Uzcard монопол мавқега эга ва айни пайтда миллий оператор ўлароқ қолган. Яна қайтараман, унинг хизматлари бозор товари эмас. Дарвоқе, Uzcard'нинг тўсатдан национализация қилиниши ва ғалати тарзда яна приватизация қилишга тайёргарликда умуман мантиқ йўқ. Агар Uzcard хусусий мақомда бўлиши тўғри, деб ҳисобланилса, нега 2 йил аввал банклар воситасида давлат тасарруфига ўтказилди, агар Uzcard давлат назоратида бўлиши керак дейилса, нега яна "хусусийлаштирилаяпти"?. Шахсан мен Uzcard давлат назоратида қолиши зарур деб ҳисоблайман.
2018 йилда пайдо бўлган Миллий банклараро процессинг маркази (Humo оператори) билан ҳам шу гап. Гарчи Humo тарифлари Uzcard 'га нисбатан инсофий ва росмана тижоратдан узоқ мақсадларда шаклланган, бутун маржани ўзлаштирадиган экосистема ва буюртмалар билан эгаллаб олинмаган бўлсада, барибир нархларга қандайдир таъсир кўрсатиш хоҳиши бўлса, шу жойда амалга оширилиши зарур.
Демак, хулоса шуки, давлат фақат бозор товари бўлмаган секторларга чеклаш ёки мувофиқлаштириш билан таъсир ўтказиши зарур. Асло охирги истеъмолчига чиқишда эмас, бозор маҳсулоти шаклланган занжирларда эмас.
Солиштириш учун:
Uzcard тарифлари
Humo тарифлари
- https://telegra.ph/file/c22a5321045bcf9b98170.jpgtelegra.ph
- https://t.me/the_bakiroo/4539@the_bakiroo
- https://davaktiv.uz/ru/news/informatsija-o-protsessah-podgotovki-privatizatsii-dolej-prinadlezhaschih-gosudarstvu-v-ooo-edinyj-obscherespublikanskij-protsessingovyj-tsentrdavaktiv.uz
- https://uzcard.uz/storage/app/media/uploaded-files/tarifi_uzb.pdfuzcard.uz
- https://humocard.uz/uz/banks/normative-documents/humocard.uz