“Ошди-ошди” навбати Humo ва Uzcard комиссияларини оширишга келдими?
Стратегик ислоҳотлар агентлигида ўтган бир қатор компаниялар вакиллари билан учрашувда ғалати таклифлар янграган (компаниялар номи келтирилмаган).
Ёзилишича, учрашувда хусусан, миллий тўлов операторлари комиссияларининг амалдаги тузилмаси банклар рағбатига қандай таъсир қилаётгани ҳам муҳокама қилинган. Эмишки, банклар учун миллий тўлов тизимларидаги операциялар бўйича мукофотлаш шартлари халқаро тўлов тизимларига нисбатан камроқ экани сабабли банкларнинг турли тўлов ечимларини илгари суришдаги устувор йўналишларига таъсир кўрсатмоқда экан. Миллий тўловлар тизимларининг (иккиси ҳам ўзбекча усулларда “хусусийлаштирилган” Humo ва Uzcard) айнан қайси комиссиялари камроқ эканига ва бу ҳолат қайси ечимларга ҳалақит қилаётганига ҳеч қандай аниқлик киритилмаган (масалан, Uzcard қанақа суммага “хусусийлаштирилгани ва қанча фойда олаётганига бир қизиқиб кўрилса бўлади).
Ҳали юмалоқ-ёстиқ қилиб хусусийлаштирилмасиданоқ, “бирон олигарх Humo'нинг эгаллаб мақсадига етса, тарифлар аждарҳо тарифларга айланиши аниқ”лиги ҳақида ўтган йилиёқ хавотирлар билдирган эдик. Тўлов тизимларининг комиссиялари ошса (эквайринг, р2р, нақд ечиш каби), банклар автоматик равишда хизматлар нархини кўтаради ёки бошқа хизматлари нархига қўшиб юборади.
Умид қиламизки, ҳурматли агентлик мазкур муҳокама бўйича батафсилроқ маълумот беради ва албатта, Ўзбекистон халқи навбатдаги “ошди-ошди” таклифлар кимлардан чиқаётганини ҳам билишга ҳақли.