Улар кўпчиликни ташкил этишади. Тепада етарлича, пастда эса кўпчилик
Лукашенко сингари нархлар ўсишини тўхтатиб қўйиш мумкин, қайсидир бозор товари ё хизматини бепул қилиш керак, деб ҳисобловчилар Ўзбекистонда ҳам кўпчиликни ташкил этишади. Улар қарор қабул қилувчилар орасида ҳам етарлича, пастда — истеъмолчи сифатида шунга кўз тикиб, чин дилдан ишонганлар эса кўпчилик.
Тепадагилар одатда буни тушунмаганликларидан эмас, нархларни музлатиш ёки текин қилиб қўйиш шахсан уларга ҳаддан ташқари манфаатли ва фойдали эканидан ёқлайдилар. Чунки нархлар назорати бу чексиз ҳокимият, чексиз бюджет ва чексиз штатлар дегани. Ахир музлатилган нархлар музлатилгани ёки бепул товарлар бепул эканини кимдир назорат қилиши керак-ку.
Пастдаги кўпчилик эса нархлар музлаши ёки ниманидир текин қилиш мумкинлигига росмана ишонади. Чунки уларга йиллар ва ўнйиллар давомида базавий иқтисодий қоидалар ўрнига афсоналар ишонтириб келинган, уларда аксилбозор, люмпенчилик ва "давлат бу ота" штамплари ўстирилган, тарбияланган. Нархларнинг музлатилиши ёки текин товар-хизматлар учун бир муддат ўтиб айнан улар каррасига, бошқа каналлар орқали тўлов ё товон тўлай бошлашларини асло ҳазм қилмайдилар.
Шунинг учун соғлом ақлга (рационаликка), мулоҳазага, бозор ва эркинлик қадриятларига ишонган жамият ёки унинг шундай қисми "текин", "бепул", "музлатилган" "совғалар" ҳақида кун тартибида масала пайдо бўлдими, улар миш-мишларми ёки кечроқ пайдо бўлган раддиями, фарқи йўқ, доим қатъиян йўқ, йўқ ва яна йўқ дейишга тайёр туриши керак.
- https://t.me/the_bakiroo/5577@the_bakiroo
- https://t.me/shokirjonov/3996@shokirjonov
- https://t.me/kurbanoffnet/6985@kurbanoffnet