Субординар қарз бу омонат эмас!
Тармоқларда ва айрим сайтларда лицензияси тугатилган Туркистонбанкка субординар қарз жойлаштирган бир неча мижозларнинг муаммолари ҳақида ёзилмоқда.
Шовқин-сурон шуниси билан жамоатчилик эътиборига тушаяптики, муаммога дуч келганлар негадир банк омонатчилари деб тақдим этилмоқда. Ўзини алданган деб ҳисоблаётганлар майда одамлар эмас, қарзнинг ўртача суммаси миллиард сўмдан.
Келинг, бироз тушунтириб ўтамиз. Туркистонбанкка ҳеч ким пул қўймай қўйгандан кейин бу банк субординар мақомдаги қарз жалб қила бошлаган. Сўмда 27 фоиз, валютада 7,5 фоиз йиллик устама ваъда қилинган ҳолда. Албатта ақли хуши жойида, базавий бўлса ҳам молиявий маълумотга эга одамлар бу қопқонга тушмаган.
Чунки қонунчиликда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: субординар қарз бўйича мажбуриятлар банк тугатилаётганда депозиторлар ва банкнинг бошқа кредиторлари талаблари қондирилганидан сўнг амалга оширилади. Яна субординар қарз бўйича мажбуриятлар банк депозиторлари ва кредиторлари талабларига тенглаштирилмаган бўлиши керак. Яъни субординар қарз эгалари ўз пулини ҳаммадан кейин, фақат акциядорлардан олдин олади.
Давлат субординар қарзнинг қайтарилиши бўйича мажбуриятларни қайтарилишини кафолатлаганми? Йўқ. Қонунда Фуқароларнинг банклардаги омонатлари кафолатлаш объекти ҳисобланади, деб ёзилган. Қарз ё субординар қарзлар эмас!
Унда нега одамлар субординар қарз шартномаси бўйича Туркистонбанкка пул жойлаштирган. Бунинг сабаби иккита бўлиши мумкин: Бириинчиси, юқори фоизлар ва даромад ортидан қувиш (ойига 25 миллион сўмдан кеп турса кимга ёқмайди?). Иккинчи сабаб Туркистонбанк масъулларининг алдови ва ёлғон тушунтиришлари бўлиши мумкин. Бу ерда ёзилишича, Туркистонбанк юристлари алданганларга субординар қарз бу омонат, давлат уни қоплаши керак деб айтмоқда экан. Бу ғирт ёлғон.
Прокуратура масалани ўрганишда айни шу ҳолатга урғу бериши керак назаримда. Алданганларнинг даъвоси айнан банкка ва унинг мансабдорларига қаратилиши зарур. Қачонгача давлат, яъни солиқ тўловчилар емаган сомсасига пул тўлайди?
Бир гуруҳ муттаҳамлар одамларни алдаб, чув тушираверадида, ортидан давлат етказилган зарарни қоплаб беришда давом этади? Аҳмадбой алдаб кетса, балогардон давлат, чет элга ишга юбораман деб алдаб пулини еб кетса, қоплаб берган яна давлат. Бу билан муттаҳамликка, ҳам люмпенликка рағбат берилмаяптими? Яъни ҳар гал фирибгарлар исталганча ёлғон ишлатиб пулларни еб кетаверсин, лох ва баъзида содда муғомбирлар барибир давлат қоплаб беради дея турли схемаларга пул тикаверсин. Шундайми?