15K92Telegramda ochish
Фойда кетидан қувишни стандартлар тийиб туриши керак Дўстларимиздан бири бу таълим, сиз тушунмайсиз, деган маънода эътироз билдирди. Шунинг учун иқтисодий мотивларга тўхталмоқчиман. Эсингизда бўлса, ёзда қабул вақтида вазир магистратурага топширилаётган тил сертификатларининг 70 фоизи сохта бўлиб чиқаётганлигини айтганди. Бу рақамлардан ОТМ ректорлари ва балки вазирлик тизимидагилар ўзгача хулоса чиқарган бўлиши мумкин. Демак, магистратурага талаб катта ва сертификат мезонини юмшатиш, бу талабни қамраш билан катта даромадлар олиш мумкин. Чунки, биринчидан магистратурада контрактда ўқувчилар сони амалда чекланмаган. Иккинчидан, магистратура таълими учун контракт миқдори бакалаврдан кўра 1,5-2 баробаргача қиммат. Учинчидан, магистратурада ўқитиш харажат бирлиги бакалаврдаги харажат бирлигига нисбатан ҳам каррасига камроқ. Яъни, умуман олганда ОТМлар учун магистратура каррасига рентабеллироқ. Бунинг устига ОТМлар учун контрактдан тушган пуллар депозитга қўйилиб, яна даромад келтиради. Кўз олдингизда келтиришингиз учун: Қишки енгиллаштирилган сертификатсиз имтиҳон тизими бир неча юз миллиард тўғридан-тўғри ва депозитлардан фоизлар кўринишида бир неча ўн миллиард билвосита даромад дегани. Яъни чет тили сертификациясини енгиллаштирилиши ортида иқтисодий мотивлар кўпроқ. Лекин бу узун горизонтда самарали мотивларми? Хўш, ўзи давлат ОТМлари яна минглаб қўшимча магистрантлар учун академик имкониятларга эгами? Ким дарс бераяпти уларга, нимани ўргатаяпти? Инфратузилма-чи? Вазирлик стандартларни таъминлаши керакми ёки ОТМлар фойдасини максималлаштиришни? Таълим бозори мавжуд нормал давлатларда вазирлик регулятор функциясини бажаради ва фойда ва сон ортидан қувиш яратадиган сифатсизликни тийиб туради. Иқтисодий форумда иштирокчиларидан бири ОТМлардаги вазиятни тасвирлаб, бакалаврда тузук-қуруқ ўқимаган, иш тополмаганлар магистратурага ўқишга кирадиган бўпқолди, кейин яна ўша институтда дарс беради, деб айтганди. Вазият шу даражага етганки, очиқ бозорда кейинги пайтда жуда кўп иш берувчилар магистратурани битиргандан кўра бакалаврни битирганни маъқулроқ кўра бошлаган. Ана бозор ишлаяптийкан-ку, саралаяптийкан-ку, деб шошманг, бу сифатсиз магистрлар кейин ё ҳокимиятлардан ё институтлардан иш топишмоқда. Яъни, улар эртанги кунимиз мувозанатини бузғувчи, сифатсизлантирувчи навбатдаги авлодга айланишмоқда. Қолганини ўзингиз мулоҳаза қилаверинг. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin