Ёпиқ бассейнга ёпиқ ирмоқ
Бюджет трансфертлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари даромадларининг чораклар якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи ҳисобидан ташкил этиладиган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида жамғарма ташкил этилиши амалдаги қонунчиликка зид.
Бюджет кодексининг 46- моддасига кўра, Бюджет ҳисобидан шакллантириладиган, бироқ унинг таркибига кирмайдиган жамғармалар ташкил этишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон тарихида бюджет ҳисобидан шакллантириладиган ўнлаб жамғармалар ташкил этилган. Лекин уларнинг ҳаммаси бюджет тизими назоратида бўлган. Бюджетдан ташқарига чиқарилмаган, бегоналаштирилмаган
Қарорнинг бошқа баҳсли нуқталари ҳам бор. Давлат ташкилотлари ва ҳокимликлар балансидаги 65та оромгоҳ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига мулк ҳуқуқи асосида бепул берилмоқда. Федерация бошқа бир давлат ташкилоти эмас, нодавлат-нотижорат ташкилоти. Яна керак бўлса, сиҳатгоҳ сотиб олмоқчи бўлса, пулиям бор. Манфаатлариям бошқа. Ҳарқалай, қонунларимизда профсоюз давлатдан, давлат профсоюздан ажратилган. Ўзбекистонда профсоюз аъзоси бўлганлардан профсоюз аъзоси бўлмаганлар каррасига кўп. Давлат ва ҳокимият мулки бўлган сиҳатгоҳларнинг профсоюзга ўтказилиши уларнинг манфаатларига терс эмасми?
Буям майли. Давлат ё ҳокимият эмас, бутун бошли акциядорлик жамиятиниинг сиҳатгоҳлари профсоюзга бепул ҳадя қилиб юборилмоқда. Биз Uzauto Motors АЖга (қарорда унинг эски номи кўрсатилган) турлича ёндашишимиз, ёмон кўришимиз мумкин. Лекин қонун бўйича АЖнинг мол-мулки акциядорлар тарафидан тасарруф этилади. Бу ҳолда қанақа IPO ҳақида гапириш мумкин? Ким, қайси гумроҳ мол-мулкини исталган вақт тортиб олиш, бегоналаштириш мумкин бўлган АЖ акциясини сотиб олади.
Болаларни соғломлаштириш бўйича қўйилаётган мақсадлар эзгу, ниятлар ўнг бўлиши мумкин. Советча Артек яратиш носталгиялари балки кимгадир муқаддасдир. Лекин шуни амалдаги қонун нормалари доирасида, манфаатларга зиён етказмай, мулкий ҳуқуқларни таъминлаган ҳолда амалга оширса ҳам бўлади.
Ҳар гал қонунчиликни бир тепиб ўтиб қабул қилинаётган қарорларга дуч келганда broken windows theory - "синган ойна назарияси" эсга тушаверади.