Усмон Шарифхўжаев: «Янги авлод дарсликлари апробациядан сўнг Халқ таълим вазирлигига бепул берилади»
Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев янги авлод дарсликлари билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарди.
Унинг сўзларига кўра, кеча тақдимоти ўтказилган замонавий дарсликлар маълум ташаббускор гуруҳлар томонидан беғараз тарзда ишлаб чиқилган ва унга ҳозиргача бюджет маблағлари сарфлангани йўқ.
«Тажриба синови якунланлангач, дарсликлар вазирлик ихтиёрига бепул берилади. Аслида дарсликларни яратиш ва чоп этиш қисми бор. Очиғи, дарсликни яратиш уни чоп этишдан кўра қийин ва қиммат жараён. Шу пайтга қадар турли сабаблар билан дарсликлар мазмунига етарли эътибор берилмаган.
Уни чоп этиш жараёнлари эса ўрнатилган тартибда, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга асосан, очиқ ва шаффоф тендерлар орқали ўтказилади. Бунинг очиқлигини ОАВ Молия вазирлиги портали орқали ҳам кузатиб, ким қанча дарслик чоп этганини кўриши мумкин», — дейди Усмон Шарифхўжаев.