"Бепул тиббиётга энг муҳтож аҳоли қатлами ҳозирги ҳолатдан кўпроқ жабр кўради"
Миркомил Холбоев:
Бир неча марта турли соҳа вакилларининг ойлик маошлари ҳақида фикр юритганимда, ўқитувчи ҳамда шифокорларнинг ойлик маошлари жамиятнинг бошқа соҳа вакиллари билан таққослаганда жудаям пастлиги ҳамда йилдан-йилга ортда қолаётганлиги ҳақида ёзган эдим. Умуман олганда, шифокорларнинг қўшимча даромадларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда реал вазият ўзгариши ҳамда шифокорлар жамиятнинг энг камбағал вакиллари эмас, балки нисбатан даромадлари юқори соҳа вакилларига айланиши мумкин.
Аммо шифокорлар ойлик маошининг пастлиги ўзи билан кўплаб бошқа муаммолар олиб келиши билан бирга яна бир муаммони келтириб чиқаради. Яъни бу ҳолат ижтимоий сиёсатнинг ишламаслигига сабаб бўлади. Чунки иқтисодиётда ҳамма нарсанинг нархи бўлгани каби шифокорлар хизматининг ҳам нархи мавжуд. Агар шифокорларнинг расмий ойлиги уларнинг ҳақиқий хизмат нархидан паст бўлса, улар табиийки беморларнинг қўлига қарашга мажбур бўлади.
Бундай ҳолат энг даромади паст аҳоли қатламини кўпроқ жазолайди холос. Чунки шифокорга бериладиган қўшимча пулни беришга қайсидир аҳоли қатламининг имконияти етмайди. Айнан шифокор талаб қилган пулни беришга имконияти бўлмаган аҳоли қатлами табиийки, даромадлари энг паст ва бепул тиббиётга энг муҳтож аҳоли қатлами ҳисобланади. Қўшимча “ҳадя” таклиф қилмаган беморга шифокор ёмонроқ хизмат кўрсатади ёки хизмат кўрсатишни хоҳламайди. Ёки шифокорлар расмий ойлигининг пастлиги сабабли турли фарм компаниялар билан шартнома қилишга мажбур бўлади. Ҳамда беморларга фойдаси бўлмасада, кўпроқ дари ёзиб беришига сабаб бўлади. Шифокорларнинг бундай амалиёт билан шуғулланиши эса охир оқибат мисли кўрилмаган оқибатларга олиб келади (олиб келмоқда ҳам).
Умуман олганда, шифокорлар ойлик маошининг пастлиги ҳамда беморлар берадиган қўшимча “ҳадя”га кўпроқ боғланиб қолиши, ўйлайманки ўзи билан жудаям кўп оқибатлар олиб келиши билан бирга биринчи навбатда юритилаётган ёки ҳеч бўлмаганда баланд минбарлардан айтилаётган ижтимоий сиёсатнинг ишламаслигига сабаб бўлади. Яъни бепул тиббиётга энг муҳтож аҳоли қатлами ҳозирги ҳолатдан кўпроқ жабр кўради. Шундай экан, агар ижтимоий сиёсат ишлашини хоҳласак унда буни биринчи навбатда шифокорларнинг расмий ойлигини оширишдан бошлаш керак (уларни кўпроқ пора олишга ундамасдан).
P.S. Бугун айнан вазир томонидан янграган гаплар эса барча шифокорларга тахминан қуйидагича сигнал берди: “Давлат барибир сиpларнинг ойликларингни оширмайди, шунинг учун беморлардан пул сўрашда бемалол давом этишларинг мумкин”.
- https://t.me/Mirkonomika/1857@Mirkonomika