33K379Telegramda ochish
Адолат бўлиши учун вазир Иноятов ва ҳоким Раҳмонов вагон контейнерда даволаниши керак Давлетовўзнинг давлат поликлиникасидаги ҳолат бўйича твити шундай нафрат аралаш саволли мулоҳазаларни қайта жонлантиради. Чунки суратда кўраётганингиз яккам ҳолат эмас, тизимли муаммо. Мактаблар етишмовчилиги ҳақида кўп ёзамиз. Лекин паритети бўйича поликлиникалар етишмовчилиги муаммоси унданам бадтар. Бу ҳақда кам ёзилиши сабаблари бор. Давлат поликлиникалари хизматидан болали аёллар, ҳомиладор аёллар ва қариялар кўпроқ фойдаланишади. Улар ижтимоийлашмаган. Ижтимоий фаол ёшлар ва муаммоларни кўтарувчи фуқароларнинг кўпи поликлиникаларга иши тушмайди. Тонг ёришмасидан аҳоли массивларидаги поликлиникаларига боринг. Ҳали иш бошланмаган, ҳамшира-ю, врачлар ҳам йўқ. Лекин ҳомиладор аёллар, болали аёллар ва қарияларнинг узун навбатини кўрасиз. Нега эрталабдан? Чунки аксар малакали врачлар давлат поликлиникаларида 0,25, ё 0,5 ставкада ишлашади. Ва иш вақтини эрталабданга қўйдиришади. Кейин улар асосий даромад олинадиган хусусийга йўл олишади. Айб шифокорлардами? Йўқ албатта. Оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда ҳам, масалан, малакали болалар врачи ва аёллар касалликлари бўйича врачнинг давлатдан поликлиникаси берадиган ва хусусий шифохона таклиф этадиган маоши 4-5 баробаргача фарқланади. Айб мияси чириган ўзбек чиновникларида. Биринчидан, уларнинг аксари, врачни касаллар боқиб олади деб ўйлашади. Лекин ўзини ҳурмат қиладиган врач касал қўлига қарамайди. Пуллик асосда хизмат кўрсатмоқчи бўлса, хусусийга бориб расман тўлов асосида даволайди. Иккинчидан, инфратузилма етарли эмас. Яқин йилларда янги поликлиникалар ишга туширилгани йўқ, бориям фақат ремонт қилинмоқда. Яъни уларнинг қуввати ошаётгани йўқ. Чиновниклар эса рақамлаштириш билан муаммони ечмоқчи. Амалда бу жисмоний бардакни рақамли бардакка айлантираяпти. Ҳамма муаммода муамони ечишни эмас, пул қилишни кўзлайдиган чириган чиновниклар масалан, пойтахтда поликлиникалар муаммосини вагон контейнерлар билан ечмоқчи. Нима қилмоқ керак? Биринчидан, тиббиётга қолдиқ, пул қолса молиялаштириш билан қарашни бас қилиш керак ва Олий тоифали врачлар маошларини камида уч баробарга ошириш лозим (ваъда қилинган минг доллар). Шу йилнинг ўзида ва кейинчалик бозорга қараб (имкониятга қараб эмас) ошириб бориш лозим. Иккинчидан, поликлиникалар етишмовчилиги муаммосини манзилли тарзда аниқлаштириш ва тўлақонли янгиларини қуришни бошлаш зарур. Контейнер бу поликлиника эмас. Учинчидан, ўзбек чиновниклари учун ҳукумат поликлиникалари ва ҳукумат касалхоналари тизими тугатилиши зарур. Ўзбек чиновниги, унинг бола чақаси, аёли, ота-онаси халқ бораётган поликлиникага ва касалхонага бориши зарур. Солиқ тўловчилар ҳисобидан яшайдиган ҳоким, вазир ва амалдорлар ихтиёридаги махсус иззат, алоҳида кўрик ва қаровдан иборат медицинанинг мавжудлиги чиновникларнинг тиббиётга нисбатан муносабатини шундай паст даражага туширган. Ўзбек чиновниги бўқоғини олдирган Германияга, юрагини операция қилишга Исроилга солиқ тўловчилар ҳисобидан эмас, борса ўзининг ҳисобидан бориши керак. Мен ҳали эшитмадим, масалан, Сурхондарёнинг Қумқўрғонидан Қурбонбой бувани ҳукумат тиббиёт самолетига ўтказиб Германияга даволангани юборганини. Лекин ҳар ҳафта, ҳар ой махсус самолетлар солиқ тўловчилар ҳисобидан юраги ё ошқозони эмас, аслида мияси касал чиновникларни четга даволагани ташийди. Нима демоқчиман. Чиновниклар бу хизматкор. Халқ эса Хўжайин. Медицинада уларнинг ўрни алмашиб қолган (бошқа ижтимоий соҳалардаям). Адолат қарор топиши учун медицина Хўжайинлар учун, халқ учун бўлиши зарур. Хизматкорларга эса, яъни чиновникларга, масалан контейнер ҳам бўлаверади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin