Рақамли Пойтахтга 5,0 млрд.сўм. Курашга 7,2 млрд.сўм. Зарарларни қоплашга 50 млрд.сўм. Қимматлаган реконструкция
Тошкент шаҳар бюджетининг энг мазали қисми - қўшимча даромадларни тақсимлаш бошланди.
Тошкент шаҳар Кенгашининг 2023 йилдаги қўшимча даромадларнинг илк тақсимоти бўйича қарорида қатор эътиборли харажатлар бор. Хусусан:
Хусусан, Рақамли ривожлантириш департаменти ва "Рақамли Пойтахт" марказига 5 млрд.сўм ажратиш кўзда тутилган. Муаммо шундаки, мазкур департамент ва Марказ бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан эмас, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларида акс эттирилган харажатлар ҳисобидан молиялаштирилиши керак. Бу бўйича Президент қарорида шундай талаб акс этган.
Шаҳар бюджетидан курашга пул ажратилиши давом этмоқда. Кураш институти ва Кураш федерацияси ойлик иш ҳақи ва сақлаш харажатлари учун жами 7,2 млрд.сўм йўналтирилади. Қизиқ тарафи, "кураш"чиларнинг иштаҳалари тобора очилиб бормоқда. Масалан, ўтган йили иккинчи қисми учун 3,1 млрд.сўм ажратилган эди. Бутун дунёда турли федерация ва бало бадтар пул ўзлаштирар институтлар ўзлари пул топади, канадек давлат бюджетига ёпишиб олмайди. Лекин Ўзбекистонда спорт ва спорт федерациялари бюджетга худди гиёҳванддек ўтириб қолган.
Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга 50,0 млрд.сўм йўналтирилади. Демак, пойтахтда бузиш ва ер участкаларини олиниши давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Республика бюджетида ҳам зарарларни қоплашга 517 млрд.сўм маблағ кўзда тутилган.
Мазкур қарорда айрим поликлиникалар ва мактабларни таъмирлаш учун харажатлар ҳам кескин қимматлашишни бошлаганини кўриш мумкин.
Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги 8- сонли поликлиника реконструкциясига 13,2 млрд.сўм ажратилган. Солиштириш учун худди шу тумандаги 26- поликлиникани мукаммал таъмирлашга 2 млрд.сўм йўналтирилади.
Юнусободдаги 1098 ўринли 265-мактаб реконструкциясига 12,3 млрд.сўм ажратилади. Шайхонтоҳурдаги 320 ўринли 113 - мактаб реконструкциясига эса 1,1 млрд.сўм йўналтирилади. Нисбатан ҳисобланганда ҳам сметада 4 баробарига катта фарқ бор.
Умуман олганда, поликлиника, СЭС, мактаб ва боғчалар таъмиридаги таъмирлаш харажатларида катта фарқликлар яққол кўзга ташланади. Қийматни шишириш предметига нисбатан чуқурроқ ўрганиш керак бўлади.
- https://e-qaror.gov.uz/doc/1129810gov.uz
- https://lex.uz/docs/4767514lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/5628@the_bakiroo