24K61Telegramda ochish
Энергетикада бозорга ўтишни кейинга қолдириб бўлмайди Бугун иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов аҳоли учун табиий газ ва электр энергияси нархларини 2023 йилда ошириш режалаштирилмаганлиги маълум қилди. Албатта мазкур баёнот учун ҳурматли вазир ўринбосарини қоралаш ёки оқлаш фикридан йироқман. Ўйлайманки, Дилшод Султонов тарифларни ўзгартиришсиз қолдиришнинг иқтисодий ўсиш, бюджет мувозанати ва бизнесга келтирадиган кўргуликларини тасаввур этади ва жуда яхши тушунади. Аномал совуқ ва аномал иссиқсиз ҳам перманент муаммолар гирдобида қолган ва мувозанатини йўқотган энергетикамиз учун амалдаги тизимни ва тарифларни ўзгартиришсиз қолдириш оқибатларини жуда кўп ўзбекистонликлар ўтган қишда англаб бўлди, танасида ҳис этди. Ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиш арафасида турган давлат учун жорий нарх сиёсати амалдаги ижтимоий тенгсизликни авж олдираётганини ҳам жамият аллақачон англай бошлаган. Яъни, тарифларни ўзгартиришсиз қолдирамиз деган чақириқ илгаригидек популистик эффект бермайди. Ҳисобга олиш керакки, буёғига аҳоли ҳам, бизнес ҳам тарифларнинг қимматлигидан эмас, газ ва светнинг йўқлигидан норози бўлади. Дарвоқе, тарифлар масаласини бугун Қозоғистон президенти Токаев ҳам кўтарди. Унинг чиқишида барча учун арзон тарифлар ижтимоий адолат эмас, деган тезислар алоҳида ўринга эга бўлди. Арзон газ сиёсати мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини савол остида қолдирилаётгани таъкидланди. Аввал ҳам қўлдан бой берилган қулай фурсатлар ҳақида кўп ёздик. Иқтисодий ўсишни тиклаш, ижтимоий адолатни қайтариш ва айниқса мамлакатнинг модернизацияси учун бозорга ўтишни 2023 йилдан ҳам кейинга қолдириб бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, бу бизнинг охирги имкониятимиз бўлади ва 2023 йилда энергетик ислоҳотлардан ҳам муҳимроқ бўлган бошқа ҳеч бир вазифани шахсан мен кўраётганим йўқ.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin