Ўзгартиришлар нима беради?
Энг катта қадам бу кредит олаётган истеъмолчи эркинлиги ва танловининг қайтадан тикланишидир. Бу ҳуқуқ узоқ 2005 йилда эшиклари тақа тақ ёпилаётган Ўзбекистон шароитида монополистлар ва маҳаллийлаштириш ниқобидаги корчалонларнинг лоббиси билан потенциал қарздорлардан тортиб олинганди. Хўш ўзгартиришлар нима беради?
Биринчидан, истеъмолчи илгаригидек айтайлик, импорт холодильник ёки импорт кондиционер сотиб олмоқчи бўлса, истеъмол кредитидан кўра анча қиммат бўлган микрозаём расмийлаштиришига ёки каррасига қиммат тушадиган "бўлиб тўлаш" усулларига мурожаат қилишга ҳожат йўқ. Истеъмол кредити ҳисобига импорт товарларнинг сотиш имконияти сотувчи компаниялар ва банкларнинг биргаликдаги истеъмол кредити маҳсулотларини ҳам майдонга чиқаради. Эгилувчан воситалар ва бозорнинг кенгайиши ҳисобига истеъмол кредитларининг фоизлари арзонлашади. Бундан банклар ҳам, сотувчилар ҳам, истеъмолчилар ҳам ютади.
Иккинчидан, монополист Uzauto Motors'нинг фойдасига ва қолган бутун ўзбекистонликларнинг зарарига шаклланган автоморбиль бозори шароитида, автомобиль сотиб олмоқчи бўлган ўртаҳол истеъмолчининг танлови иккиламчи бозор холос. Шу пайтгача, айтайлик, истеъмолчи иккиламчи бозордан автомобиль сотиб олмоқчи бўлса, аввал бу автомобиль ўртамчи юридик шахсга сотилиши ва кейингина банк кредити ҳисобидан ўша ўртамчидан қайта сотиб олиш мумкин бўларди. Энди бу аҳмоқгарчилик ўрнига, истеъмолчи иккиламчи бозорда танлаган автомобилни сотувчи шахсдан (у юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъий назар) воситачисиз банк кредити ҳисобига сотиб олиши мумкин. Бу албатта истеъмолчи харажатларини қисқартиради.
Учинчидан, шу пайтгача ўзбекистонликлар хорижга турпакетларни ёки Ўзбекистон ҳаво йўлларининг ички йўналишлардан ташқари авиачипталарни истеъмол кредит ҳисобига сотиб олишдан маҳрум эдилар. Энди бу чеклов ҳам йўқ. Буёғига энди турпакетлар бозори ҳам ривожлана бошлайди. Билганлар билади, масалан, Қозоғистон ё Қирғизистондан Мисрга ё Таиландга турпакет Ўзбекистондагидан камида 2 баробар арзон. Бу фақат миллий аждарҳо Ўзбекистон ҳаво йўллари туфайли эмас, турпакет бозори эркин танлов ҳавосидан қисилгани учун ҳам . Энди камроқ даромадли ўзбекистонликлар ҳам ўзларига кредит ҳисобига Таиланд ва Мисрга турпакетларни раво кўра оладилар, ўрта даромадлилар эса янада қиммат турпакетларни, масалан, Испания ва Коста-Рикани. Иқтисодчилар тилида айтганда бозор кескин кенгаяди.
Осон тушунарли бўлиши учун учта энг асосий сегмент саналди холос. Ўзгартиришларнинг мультипликацион эффекти янада кенгроқ ва янада чуқурроқ намоён бўлади.
P.S. Ҳа, айтгандай. Ўзгартиришлар ҳарфи ва руҳи, масалан студент ёшларимиз учун хорижда ўқиш учун ҳам истеъмол кредитидан фойдаланишга йўл очади (тўғри, бунинг учун айрим қонун ости механизмлар ҳам ишга тушиши зарур).
@the_bakiroo