ЕТТБ 15та мактаб қурилиши учун пул ажратади. Бу яхши, лекин жуда кам
Ўзбекистонда таълим тизимининг энг оғриқли нуқталаридан бири ўқитувчилар кам маоши билан бир қаторда мактаблар етишмовчилиги, яъни таълимдаги қолоқ ва сифатсиз инфратузилма бўлиб қолмоқда.
Икки ва уч сменали мактаблар нормага айланиб бўган. Битта синфда 45талаб ўқувчи бўлиши, танафуссиз жараён, дарсларнинг амалда 35-40 минутгача қисқартирилгани, сотиб юборилган стадионлар, ўқувчилар мактабдан кейинги тўгараклар, ижодий фаолиятдан маҳрум этилгани ҳақида гапириш ва ёзиш, таълимдаги кучли табақаланиш онгли равишда амалга оширилаётгани табу мавзулардан ҳисобланади.
Шу маънода водийдаги 15 мактаб қурилиши учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан келишувга эришилгани жуда катта қадам. Очиқланган хабарга кўра, катта эҳтимол молиялаштириш 75 млн.долларгача қийматда грант кўринишида амалга оширилади ва фаолият юритаётган давлат умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Мен айтмайман, Ўзбекистоннинг барча болалари эрталаб соат 8дан кеч соат 18га қадар таълим ва тўгараклардан ташқари уч маҳал овқат, тўлиқ компьютерлаштирилган хоналар, учта тил, шахмат, теннис ва бессейн билан таъминлансин деб. Лекин барча ўзбекистонлик болалар учун энг базавий стандартлар — бу бир сменали мактаб, синфда кўпи билан 25тагача ўқувчи, мактабдан кейинги машғулотлар, спорт зали, стадион ва албатта рисоладагидек иссиқ ва совуқ суви бор туалет ва ошхона билан таъминланиши зарур.
Шу маънода ўзбек чиновникларининг мактаб инфратузилмасига қўл силтаб қўйган шароитда 15та мактабнинг замонавий инфратузилмага айланиши жуда зўр қадам. Лекин бу кам. Таъмирлашга, қайта жиҳозлашга, кенгайтиришга Ўзбекистонда минглаб мактаблар муҳтож ва яқин орада вазият тубдан ўзгарадиганга ўхшамайди.
- https://t.me/uzedu/21465@uzedu