Ғўзапоя йиғишни қачон университетларга топширасиз, жаноб вазир?
Агар туманларни университетларга бириктирган экансиз, ректорлар маҳалла оқсоқоллари билан ишлаши керак экан, бу йўлда тўхтаб қолманг. Мана ғалла ўрими бошланди, сомон тўплашга университетлар илмий жамоасини жалб қилинг, 5 ойдан кейин ғўзапоя йиғишга киришиш керак. Қўлингизда шунча университет, шунча профессор бор, ғўзапояни чуқур тадқиқ этишга сафарбарлик эълон қилса бўлади.
Агар жиддийликка қайтсак, нормал давлатда вазир университетларга шундоқ топшириқ беришни бошласа, бу унинг ҳукуматдаги охирги иш куни бўларди. Яхшиям, янги Ўзбекистон нормал давлат эмас.
Умид қиламанки, Сингапур менежментни ривожлантириш институти раҳбарияти бу тутуруқсиз вазифаларни игнор қилади ва ижросиз қолдиради. Акс ҳолда институтнинг репутацияси, мақоми, табиийки, таълим бозоридаги жозибадорлиги савол остида қолади. Мен фарзандимни, жиянимни ва умуман бирон бир салоҳиятли Ўзбекистонликни туманбай ва маҳаллабай ишларга жалб қилинадиган ОТМда ўқишини истамаган бўлардим.