Электробусларни қувватлаш билан боғлиқ муаммо ечилмаган
"Тубга йўл" канали электробус ҳайдовчиси турмуш ўртоғининг дардларини очиқлаган.
Ёзилишича, электробусларнинг апрель ойидаёқ, электробуслар йўлга қўйилган биринчи кунлардаёқ пайдо бўлган зарядлаш билан боғлиқ муаммолари ечилмаган. Ҳайдовчилар иш куни якунидан кейин электробусларни зарядлаш ускуналари мавжуд автобус саройларига бориб, навбатда туришга ва тонггача электробусларни зарядлаш билан машғул бўлишга мажбур бўлишмоқда.
Аввалроқ 2 та автобус саройи филиалида жами 58 та қувватлаш станциялар мавжудлиги ҳақида айтилган эди. Ваҳоланки, ижроси транспорт вазири Маҳкамовга топширилган қарорга мувофиқ келтирилган жами жами 300та электробус учун 150 дона қувватлаш ускуналари сотиб олиниши керак бўлган.
Амалда деярли 3 баробарига кам зарядлаш комплекслари ишлатилмоқда. Табиийки, зарядлашга эрталабгача навбатда турилади, табиийки ўнлаб электробуслар йўналишга чиқмайди, табиийки, электробуслар кондиционерларини ўчириб ишлашади, табиийки ҳайдорвчилар доим стресс ҳолатда юришади.
Ҳайдовчилар дардларини ичига ютгани, муаммо ҳақида очиқ айта олмаслиги ҳам яна битта сигнал. Чунки янги Ўзбекистоннинг еттинчи йилига келганда муаммолар ҳақида гапираётганларнинг ўзи муаммоларга дуч кела бошлади. Чунки очиқ гапирган ё ишсиз қолади ё мукофотдан айрилади. Зарядлаш билан боғлиқ муаммониям ҳайдовчининг турмуш ўртоғи орқали очиқланишиям шу туркумдан.
Автобус ва электробусларда кондиционерларнинг ўчирилиши ҳам шу туркумдан. Ўтган ҳафта давомида нечта ҳайдовчи билан гаплашган бўлсам, ҳаммаси кондиционерларни ўчириш топшириғи автосарой раҳбарларидан тушганини билдиришмоқда. Лекин ўзбек амалдорлари ҳеч қачон бузуқ топшириқларини тан олишмайди, улар учун ўзбекнинг кичиги бўлган ҳайдовчиларни айблаш осон.