Ўзбек статистикасига кўра, май ойида электр ишлаб чиқариш рекорд даражада ўсган. Свет нега ўчаяпти унда?
Расмий статистикага ишонилса, май ойида 7 331 млн.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Нима бўпти, деманг. Чунки ҳали ҳеч қачон Ўзбекистонда бир ойда бунчалар кўп электр ишлаб чиқарилмаган.
Май ойида ишлаб чиқарилган электр энергияси ўтган йилги майдан кўра 36,1%га ёки 1 945,4 млн.кВт.соатга кўп.
Май ойидаги электр генерацияси жорий йилнинг апрелига нисбатан 34,1%га ёки 1 866,6 млн.кВт.соатга кўпроқ бўлган.
Агар жонажон статистикамизга ишонилса, май ойида свет ўчирилиши ва шахмат тартибидаги "профилактика"лар бўлмаслиги керак эди. Ахир шунча электр энергияси қаёққа кетиши мумкин? Ўтган йили майда электрда узилишлар бўлмаган, жорий йил апрелда ҳам. Нега айнан электр энергияси ишлаб чиқариш рекорд тарзда ўсган майда бунчалар кўп свет ўчирилди?
Экспортга кетдими? Йўқ, май ойида қайтанга электр энергияси экспорти камайган.
Ишонмаслигингиз мумкин. Лекин май ойида электр импорти ҳам сезиларли тарзда ошган. Бошқача айтганда, рекорд тарзда электр ишлаб чиқарилиб, яна импорт ошганига қарамай электр таъминоти фақат ёмонлашган.
Буни қандай тушуниш мумкин? Ё статистика кўзимизни шамғалат қилаяпти ёки Энергетикларимиз генерацияни қайгадир яшираяпти.
Қолаверса, агар май ойида электр генерацияси шунчалар кўп ўсган бўлса, буни қанақадир асослаш ва тушунтириш керак. Ниманинг ҳисобига, қайси қувватлар ҳисобига? Ахир май ойида қўшимча учта Тўрақўрғон ИЭС ишга тушиб қолмадику.
Қуёш станциялари ҳисобигами? Қайси станциялар қувват бера бошлади?
Янги газ поршенли ИЭСлар ҳисобигами?
Ё эски иссиқлик станциялар қувватни оширдими? Газ йўқку? (бор, лекин фақат чўнтак конторалар орқали экспортга).
Миркомил ёзаётганидек, "... ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган паллада расмий статистика билан реал ҳаёт ўртасидаги корреляция йўқолиб қолгандек".
Бу иқтибос бугун етиб келган жойимизда Миркомил урғу бераётган инфляцияга оид эмас, бошқа барча макроиқтисодий статистикага ҳам тааллуқли.