Статагентликка таклиф: хўп, мен айбдор бўлай, лекин сиз аввал камбағалларнинг 6 ойлик ҳақини қайтаринг
Майли, сиз айтаетганингиздек, "асоссиз, юзаки танқидлар, масаланинг ичига тўлиқ кирмасдан, тушуниб таҳлил қилмасдан ёндашиб муносабат бериб" келар эканман дейлик.
Хўп, "халқаро ҳамжамият олдида Ўзбекистоннинг ижобий имижига салбий таъсир уйғотиш, Давлат, ҳукумат ва давлат идораларини халққа душман сифатида кўрсатиш" деган 37- йиллар ҳукмларини такрорловчи айбловингиз ҳам ўринли бўлсин дейлик.
"Негатив, асоссиз, шов-шувли олди-қочди таҳлиллар айнан халқаро инвесторларни чалғитишга сабаб бўлиб, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ва салоҳиятини ошишига салбий таъсир" ўтказаётганим учун тобора аҳволимиз мураккаблашиб бораётганиям тўғри деб турайлик.
Майли, мен айбдор бўлайин, розиман. Фақат ўша сиз ҳисоблаган ва асосли дея тақдим этган минимал истеъмол харажатлари миқдорини ўзларингиз белгилаган қоидаларга амал қилиб январдан буёғига қўлланг. Чунки ўзларингиз белгилаган қоидага кўра, минимал истеъмол харажатлари йил бошида эълон қилиниши, декрет тўловлари, камбағал тоифадаги турли нафақалар ва пенсиялар шу минимумга мувофиқлаштирилиши лозим эди. Агар сизлар январда ўз вазифангизни бажарганингизда ижтимоий ёрдам олувчилар ҳар ойда етмиш минг сўмдан, 6 ойда 420 минг сўм кўпроқ тўловга эга бўлишарди.
Мана шу суммани ҳар бир камбагалга қайтаринг. Шунда адолатли ҳақиқат бўлади.
Агар кеча 6 ой кечикиб эълон қилганингиз минимал истеъмол харажатлари орқали камбағалларнинг 6 ойлик ҳақи туя қилиб қўйилганини ва реал камбағаллар чегарасини ошириш ўрнига тушириб қўйганингизни тушунмаётган бўлсангиз, менда бошқа савол йўқ.
- https://t.me/uzstataxborot/53289@uzstataxborot