Саноат сиёсати 3.0
Аввалги эпоханинг ҳозир ёмон дейиладиган бутун барча йилларида, янги даврнинг янги дейиладиган 2017-2022 йилларида қўлланилган, давлат томонидан муҳим деб ҳисобланилган саноат лойиҳаларига маъмурий-бюрократик йўл билан бюджет ва қарз маблағларини жамлаш, маъмурий-бюрократик йўл билан тақсимлаш ва йўналтириш самарасиз якунланганига қарамай, Ўзбекистон яна бир марта, буниси энди учинчиси, бюрократиянинг кўринмас қўллари ёрдамида Саноат сиёсатини амалга оширмоқчи. Аввалги икки сафар бўлганидек, бу сафар ҳам ниятлар яхши, мақсадлар эзгу. Лекин натижалар аввалгисидан ўзгачароқ бўлишига шубҳам бор. Учинчиси пучинчиси, ким билсин.
Демак, янги фармонга кўра, ўзи жамғарма бўлган ФРРУ ҳузурида янги жамғарма — Саноатни ривожлантириш жамғармаси тузилади. Янги жамғарманинг устав капитали 1 млрд.долларни ташкил этади. Шундан, ФРРУ 200 млн.доллар беради. Жамғармага янги ташқи қарзлар жалб этилади. Яна жамғармага ҳар йилги давлат бюджетидан 2 трлн сўм ва яна 15 млн.доллар ажратилади.
Жамғарма ҳисобидан давлат юқори технологияли янги маҳсулот деб ҳисоблаган ишлаб чиқариш лойиҳаларига кредитлар берилади. Жамғарма ҳатто саноат корхоналари устав капиталигаям кириши, уларга қарз бериши ҳам мумкин. Яъни, ФРРУ охирги 7 йилда нима иш қилиб келган бўлса, шундай ишлар (GTL, Резинотехника заводи, ТМЗ...). Фақат янги пуллар, янги қарзлар ва янги бюджет ҳисобига.
ФРРУ янги ва янги жамғармалар тузиши биринчи марта эмас (ўзи ўзбек маъмурлари нима қилишни билмай қолган пайт ишлатадиган учта қуроли бор, шунақа пайтда улар имтиез тарқатади, вазирлик очади ёки жамғарма тузади). Масалан, тўрт йил аввал ФРРУ таъсисчилигида 1 млрд.долларлик Тўғридан-тўғри инвестициялар фонди тузилганди.
Хуллас, кутамиз. Балки бу сафар мўъжиза рўй бериб қолар.