26K228Telegramda ochish
ФРРУ ўзи берган кредитни ўзи "ёпиш" схемасини фаол қўллай бошлаган кўринади 2023 йил 1 ноябрь ҳолатига ФРРУ (тикланиш ва тараққиёт жамғармаси) назоратидаги юридик шахслар қаторида Ўзкимёсаноат АЖ пайдо бўлган (58,0% улуш). Бу ахборот жуда қизиқ ва ғалати туюлди, чунки турли гуруҳлар ва миноралар курашига айланган "маъмурий ислоҳотлар" натижасида Ўзкимёсаноат АЖнинг 100%лик улуши аввал Стратегик ислоҳотлар агентлигига, кейин эса Иқтисодиёт ва молия вазирлигига хатлаб берилганди. Очиқ корпоратив маълумотлардан маълум бўлишича, ФРРУ "Ўзкимёсаноат" АЖнинг 1,9 триллион сўмлик қўшимча чиқарилувдаги акцияларини ёпиқ обуна билан сотиб олган. Бу маблағлар кимё соҳасида қасйидир йирик ва стратегик лойиҳани молиялаштириш учун йўналтирилса керак, деб ўйласангиз, қаттиқ янглишасиз. ФРРУнинг акция сотиб олишга йўналтирилган 1,9 триллион сўмлик маблағлари Деҳқонобод калий заводи АЖнинг 165,1 млн.долларлик муаммоли кредитини сўндириш учун ишлатилган. Яъни, схемага кўра, ФРРУ 4 йил аввал Деҳқонобод калий заводи АЖга ажратган кредити ва унга ҳисобланган фоизларини ўзи "ёпган". Ҳеч қачон ўз қийматида қайтмаслигини била туриб бу ишга қўл урилгани, ҳеч қандай иқтисодий маънога эга бўлмагани, хусусан битим маъқулланган вақтда Ўзкимёсаноат АЖ 50 млрд.сўмлик зарар билан ярим йилликни якунлагани масаласи ўз йўлига. ФРРУнинг янги даврда биронта иқтисодий маънога эга ва самарали бўлган битимини алоҳида ажратиб кўрсатиш ўзи мушкул. Масала шундаки, ушбу схемага қандайдир ҳуқуқий баҳо бериладими ёки йўқми? Прокуратура нима дейди, масалан? Айтайлик, қайсидир бошқа давлат ташкилоти кредитни мақсадсиз ишлатса ёки кредитни кредит билан сўндириш схемалари қўлланилса, шундоқ ташлаб қўйилмайди. Мотивлар, сабаблар, оқибатлар, етказилган зиёнлар баҳоланади. Схема иштирокчилари чақирилади. сўроққа тутилади, юзлаштирилади, тушунтиришлар олинади. ФРРУ банкларга берилган ва қайтарилмаган кредитларини улушга айлантириб ёпиши схемалари аллақачон нормага айланиб бўлган. Лекин бу схема энди ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳам қўлланила бошлаган. Мотив нимада? Бунга ким ёки нима сабаб? Мутлақо хусусий мулоҳазаларга кўра, ҳаммаси Деҳқонобод калий заводини "хусусийлаштириш"га бориб тақалса керак. Яъни заводни қайсидир очофат ёки сотқин олигархга топширишдан олдин унинг қайтарилмаган кредитлари давлат ресурслари ҳисобидан ёпиб берилмоқда, деган гумон асосий версия бўлиши керак. Зарари давлатга, фойдаси ўғри олигархга схемаси. Навбатдагиси. Эслатиб ўтаман, 1,9 триллион сўм ҳазилакам пул эмас. Интизомини йўқотган Бюджет илма-тешик бўлиб ётипти, деган важ билан пенсия ва бюджет иш ҳақининг индексацияси ваъда қилинганидан уч ойга кечикди. Стипендиялар 2,5 йилдан бери оширилгани йўқ. Ташаббусли бюджет бўйича 2 мингдан кўп овоз олган лойиҳалар пул йўқлиги учун молиялаштирилмай қолди. Лекин мана шунақа схемаларга, қарангки, пул топилипти. Дарвоқе, шу бугундан бошлаб ФРРУни "суверен фонд" деб атамасликларингизни сўрайман. Портфели феълан темир-терсак ва макулатура йиғиндисидан иборат бўлиб қолган фонд суверенликка даъво қилмаслиги керак.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin