Имтиёзли кредитлаш асло тўхтамайди, "гўзаллик конкурси" орқали кенгайтирилади
Лойиҳаларни максимал фойда олишни кўзлайдиган тижорий самарадорлик ва бозордаги рақобат эмас, маъмурий ҳоҳишлар асосида танланиши давом этади. 30 йилдан бери ўзбек чиновниги бизнесдан кўра, бозордан кўра яхшироқ билишига, тўғрироқ қарор қабул қилишига даъво қилади. Лекин амалдаги натижа доимгидек бир хил якунланаверади.
Демак, шаклга қайта ишлов берилган ноу хауга кўра, Ўзбекистонда «140 та илғор саноат корхонаси» дастури амалга оширилади. 9та йўналиш бўйича 140 та саноат лойиҳасини Ҳукумат комиссияси аниқлаб беради.
Лойиҳалар ўзбек чиновникларининг севимли мезонлари — камида 100 та янги иш ўринлари яратилиши, маҳсулотнинг ички бозордаги импорт улуши 50 фоиздан юқори бўлиши, технологик асбоб-ускуналарининг янги бўлиши, тоифаси паст туманларда амалга оширилиши, халқаро брендлар билан ҳамкорлик каби талабларга кўра аниқланади.
Танланган ғолибларга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банкларига хорижий валютада йиллик 4 фоиз ва миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача (3 йилгача имтиёзли давр) билан 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда кредитлар ажратилади.
Маълумот учун, ҳозирда миллий валютадаги кредитнинг нархи 25%дан, долларда эса 14%дан кам эмас. 10 йил давомида йиғиладиган афзаллик қанчага етишини ўзингизга тасаввур этаверинг (табиийки, лойиҳанинг асосий мақсади самарадорлик эмас, кредитни ўзлаштириб олишга қаратилади). Ўзбек чиновникларининг худди шу тарзда мева-сабзавотчилик, иссиқхоналар, металлургия, кимё, газ йўналишларидаги молиялаштирилган лойиҳаларининг аҳволини кўриб турипсиз. Чунки имтиёзли ва бюрократик қарор асосида молиялаштириладиган барча лойиҳалар моҳияти ўғирлаш ва ўзлаштиришга асосланади.
Юқоридаги схемалар асосида молиялаштириш учун ФРРУ қошида навбатдаги Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага суверен фонд функциясини йўқотиб улгурган ФРРУ 200 млн.доллар пул беради. Яна ҳар йили бюджетдан 15 миллион доллар ажратилади.