80 бензин нархини чеклаш бу ёмон қарор, бунданда ёмон қарор - бензин бозорини Кремль олигархиясига топшириш
Газета'нинг ёзишича, ҳукумат 80 бензин нархини 8000 сўм даражасида чекламоқчи. Агар маъқулланса, бу ёмон қарор бўлади.
Биринчидан, исталган товар нархининг чекланиши сотувчиларда харидор учун кураш рағбатини ўлдиради. Барча сотувчилар, илгари арзон нарх билан ҳажм орқали фойда олишни кўзловчилар ҳам нархни белгиланган потолокка олиб чиқишади. Яъни, ҳозирги 6800-7900 сўм коридорда бензин таклиф этувчиларда нарх энг юқори даражага, 8000 сўмгача олиб чиқилади. Буни метан заправкаларда энг юқори нарх 3250 сўм этиб белгиланганида кўрдик. Сиз шундан кейин бирон жойда 3100 сўмга метан кўрдингизми?
Иккинчидан, ҳозирда 8000 сўмдан қиммат нархда 80 бензин сотаётган заправкалар нархни 8000 сўмгача туширади, лекин сифатни ёмонлаштиради, айтайлик, анекдотларда айтилганидек, эшакнинг сийдигиниям қўшиб сотишади ёки уриб қолиш йўлига ўтишади.
Қарабсизки, 80 бензин бўйича харидорларда икки хил таклиф бўлади. Худди Венесуэладагидек: "бензин бор" ва "бензин йўқ".
Аввалбошдан зарарли бўлгани аниқ қарор учун нима туртки бўлаётган бўлиши мумкин?
Буни кейинги бандларданоқ англаш мумкин. Гўёки рақобатни ривожлантириш учун "Татнефть", "Лукойл", "Газпромнефть" ва илдизи яна уларга боғланган компания заправкалар қурармиш. Нима таклиф қилиш учун Қозоғистон (Sinooil, Royal Petrol, Helios, QazaqOil) ё Озарбойжон (Socar) компаниялари йўқми? Нима улар ўрис оғаларингизга берилаётган имтиёз ва преференциялар билан заправка қуролмайдими?
Рўйхатда Кремль чўнтаги бўлмаган биронта компания йўқлигидан кўриш мумкинки, энергетикларимиз энди бензин бозориниям Кремлдаги оғалари назоратига топширмоқчига ўхшайди. Бундай қадам оқибати ўлароқ ўзбекистонликлар энди нафақат ўзимизнинг очофат монополистларимизни, Кремль олигархлариниям қўшиб боқишга мажбур бўлишади.
Айтгандай, шимолдаги оғаларингиз ўзи заправка қуришадими ё уларга Ўзбекнефтегазнинг мавжуд 80 га яқин заправкалари қўш-қўллаб топшириладими? Ахир шу кунгача Лукойл ва Татнефть'нинг мавжуд заправкалариям ўзи аслида Ўзбекнефтегазники. Энергооккупантлар битта ғишт ё цистерна қўйишмаган.
Ва энергетикларга охирги савол: сизлар кимнинг олдида масъул ва ҳисобдорсизлар: Ўзбекистон халқи олдидами ё Россиялик оғаларингиз олдида?