Иқтисодий самарасиз давлат банклари иқтисодий самарасиз инвестиция компаниялари орқали самарали лойиҳа яратиши мумкинми?
Кечаги ҳужжатнинг биринчи банди бизни ҳозир ёмон дейилаётган оғир ўтмишга, 10, 20 йиллар орқага, энг ёмон тажрибаларга қайтаради.
Демак, яп-янги таклифга кўра, молиявий ҳисоботларини очиқлашни тўхтатиб қўйган ФРРУ, учта давлат банкига 100 млн.доллар пул ажратади. Шу схема учун Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги келаси йилга ташқи қарз ҳисобидан яна 200 млн.доллар топиб бериши керак. Ўзсаноатқурилишбанк, Алоқабанк ва Миллий банк бу маблағлар ҳисобига 10 йил муддатга (5 йил имтииёзли давр) валютада 5%, сўмда 12% ставкада имтиёзли кредит беради. Инвестиция компаниялари кредит ҳисобига лойиҳани амалга ошириб, кейин уларни "тайёр лойиҳа" сифатида сотади. Бундай "тайёр лойиҳа"нинг харидори ким бўлади, қайси гардкам инвестор бу икки карра самарасиз тузилмалар қўлидан чиққан активларни сотиб олади, деган савол кўтарилмаган бўлса керак. Чунки ҳозир асосийси 100 млн.долларни, келаси йили 200 млн.долларни ўзлаштириш, сотиб олувчиларни топгунча ўтадиган 5-10 йилдан кейин худо пошшо (совет латифасида айтилганидек, асосийси, колхозларни тузиш, колхозчилар ва отиладиганлар кейин қидирилади)
Келинг, очиқ маълумотларга мурожаат қиламиз. Номи келтирилган уччала банкнинг капитал рентабеллиги расмий инфляциядан паст, яъни ўзи иқтисодий самарасиз. Охирги эълон қилинган ҳисоботларга кўра, Ўзсаноатқуришбанк 8,2%, Алоқабанк 10,9%, Миллий банк 8,8% рентабеллик кўрсатган. Яъни давлат бу банкларга киритган сармояси амалда фақат қиймати ва қадрини йўқотмоқда холос.
Энди шу самарасиз давлат банклари ҳозирда мавжуд ёки янги ташкил этиладиган инвесткомпаниялар орқали имтиёзли кредитлар ҳисобидан "лойиҳа ясашлари" керак.
Очиқ маълумотларга кўз ташласангиз, банкларниинг балансида бундай ўнлаб лойиҳалар улуш ва аффилланган тузилмалар сифатида йиллар давомида осилиб ётипти. Миллий банкнинг назоратидаги лойиҳалар. Ўзсаноатқурилишбанк лойиҳалари. Алоқабанк лойиҳалари. Уларнинг аксари ўлик ва фақат зарар тўпламоқда. Буни ҳукумат ҳам, Марказий банк ҳам жуда яхши билади.
Ўтган эпохадаги банклар томонидан "тайёр лойиҳа" сифатида ясалган энг машҳур лойиҳалар бу деярли ҳар бир тумандаги агротехсервислардир. Банклар ушбу тузилмаларга нафақат улуш, балки жуда катта миқдорда кредит маблағларини йўналтиришган. Маъмурий буйруқбозликнинг олий намунаси бўлган бу тузилмалар бўйича активлар ва кредитларнинг аксари кейин "списать" қилинган.
Ҳужжат бўйича таклиф этилаётган схемада яна икки масала эътиборни тортмаслиги мумкинмас.
Биринчиси, бу номи келтирилган уч банкнинг иккитаси яқин бир-икки йил ичида "хусусийлаштирилиши" керак (бу ҳақдаги охирги ҳужжатнинг ҳали сиёҳи қуригани йўқ). Буёқда эртага хусусийлаштириладиган банк учун маъмурий давлат юкламаси бериб турилса. Соғлом одамнинг ҳаёлидан ўнг қўл чап қўл нима иш билан шуғулланаётгани ҳақида билса, ҳеч бўлмаса, яқин орадаги ҳужжатлар бир-бирини тўлдирса, тонгдан тушгача эмас, ҳеч қурса 3 ойлик стратегияга амал қилинса бўлмасмикан, деган фикр ўтади.
Иккинчидан, ойдан-ойга оғирлашиб бораётган иқтисодий аҳвол, маълумотлари ёпиб қўйилган бюджет мувозанатининг издан чиққани, молиявий ресурслар тақчиллиги шароитида ҳам мана шундай ўзлаштиришдан иборат ва самарасиз схемалар ўйлаб топилишда давом этаётгани жудаям ачинарли. Ташаббускорлар қилаётган ишлари хато эканини билмайди, деган фикрдан йироқман. Лекин нега қайта ва қайта шундай хатоларни такрорлашлари сабаби нимада эканини билмайман.
- https://lex.uz/pdfs/6560018lex.uz
- https://www.sqb.uz/uz/for-investors/reports-and-presentations-uz/sqb.uz
- https://aloqabank.uz/upload/iblock/1e9/3phgtrrxqd9a8t8er34zyg7g0grp4i8m/Aloqabank-FS-and-audit-report.pdfaloqabank.uz
- https://nbu.uz/upload/iblock/a7c/nbu_ifrs_ye2021_rus.pdfnbu.uz
- https://openinfo.uz/ru/reports/20330/openinfo.uz
- https://openinfo.uz/ru/reports/20313/openinfo.uz
- https://openinfo.uz/ru/reports/19669/openinfo.uz
- https://t.me/the_bakiroo/6835@the_bakiroo