Агар рассом бўлганимда
Мабодо шунақа қобилиятим бўлганида 30 трлн.сўмдан ошган дефицит (қора квадрат) фонида қоқ ўртада мўйқалам билан ҳар йили ўнлаб триллион солиқ ва бож тўламайдиган Uzautomotors ва унинг хусусий гибридларини чизардим. Яна солиқлари икки баробарга камайтирилган нефть ва газ компанияларини трубалар ортида жилмайиб турган путин кўринишида тасвирлардим.
Хеч қачон тўймайдиган олигархияга совға қилинганидан бери йирик солиқ тўловчилар сафидан чиқиб кетган уяли алоқа компанияси ҳам тушиб қолмасди картинадан.
Пастроқда солиқ тўламаслик учун махсус иқтисодий зоналар ортига яшириниб олган ҳоким ва вазирларнинг гумашталарига алоҳида бўш жой қолдирардим. Бу жой шунчаки йиртиқ ва тешик бўларди. Тешиклар кўплигидан картина ости балки ғалвир кўринишини оларди.
Ва бутун картина бўйлаб асосий мотивдан чалғитиш учун овора қилиб қўйилган майда одамчалар - ойболта кўтариб юрган солиқчилар ва қора квадрат томон қочаётган бизнесни ифодалаш учун қизил нуқталар қолдирардим.
Картинанинг номини, албатта, Яп-янги деб атардим.