Европа газ омборларини тўлдириб бўлди. Ўзбекистон-чи?
Россиянинг газ шантажидан ўзига тегишли хулосалар чиқарган Европа иттифоқи газ омборлари бугунги кун ҳолатига 91%дан ортиққа тўлдириб бўлинди. Бу омборхоналарда 100 млрд.кубдан ортиқ газ йиғилди дегани. Евроиттифоқ стандартларига кўра, куз-қишки мавсумга киришда омборхоналарга 90%дан ортиқ газ жамланиши керак ва одатда, урушгача бўлган даврда бу вазифа 1 ноябргача бажариларди. 2022 йилгача 40% газ истеъмоли Россияга қарам бўлган Европа давлатларининг ақли фақат уруш бошлангач ва фақат Кремль тарафидан газ шантажи қўллана бошлангач, пайдо бўлди.
Газ омборхоналарининг тўлгани газ нархларини минг кубасига 430 долларгача пасайтирди, солиштириш учун ўтган йили шу даврда, айни Путиннинг газ шантажи қўллана бошланганда, минг куб газ 2000 доллардан ошиб кетганди.
Ўзбекистонда ер остида сақлаш иншоотларига қарийб 3,5 миллиард куб метр табиий газ жамлаш режалаштирилгани айтилган. Бугунги кун ҳолатига амалда қанча газ жамғарилгани тўғрисида очиқ ва тасдиқланган маълумотлар мавжуд эмас.