Жорий йилнинг 29 май санасидан Агробанк томонидан ишга туширилган «Сувчилар мактаби» лойиҳаси иштирокчилари сони кенгайишда давом этяпти. Маълум қилинишича, 31 август ҳолатига кўра, иштирокчилар сони 50 минг нафарга яқинлашган. Улар орасида мироблар, қишлоқ хўжалиги вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари бор.
Сувни тежаш ва у билан боғлиқ янги технологияларни жорий қилиш бўйича чет эллик мутахассислар (жами 50 нафар, шундан 15 нафари соҳада салмоқли ютуқларга эришган турклардан) ҳам жалб қилинганини эътироф этиш керак.
Лойиҳа доирасида жойларда ташкил қилинаётган ўқув курслари, соҳа вакиллари орасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари сув ресурсларимизга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартиришига умид қиламан. Сабаби, яқин келажакда прогноз қилинаётган иқлим ўзгаришларини инобатга олсак, бу биз учун ҳар қачонгидан кўра долзарб мавзу.
@suvchilar_maktabi